Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги ўрни мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистонда прокуратура органлари ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш форуми ўтказилмоқда.
Форум доирасида пойтахтимизда «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хотин-қизларнинг ўрни ва етакчилигини мустаҳкамлаш: халқаро стандартлардан миллий амалиётга» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлат органлари ҳамда соҳавий муассасаларининг раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.
Иштирокчилар таркиби ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида хотин-қизларнинг касбий ривожланишига доир миллий ёндашувларни қиёслаш имконини берди.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Халқаро тажриба алмашуви давомида Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академиясининг биринчи проректори Сауле Сапаралиева раҳбарлик лавозимларида хотин-қизлар улушини ошириш бўйича миллий амалиётни тақдим этди.
Қирғизистоннинг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва қонунийлик соҳаларидаги хотин-қизлар ассоциацияси раиси, профессор Каана Айдаркул хотин-қизлар касбий бирлашмаларининг ушбу соҳалар мутахассислари ўртасидаги ҳамкорликка қўшаётган ҳиссаси ҳақида сўз юритди.
ЕХҲТнинг Молдовадаги миссияси раҳбари ўринбосари Изабела Сильвия Хартманн хавфсизлик секторини ислоҳ қилишда гендер тенглиги тамойилларини кадрлар сиёсати, раҳбар кадрларни тайёрлаш, қарорлар қабул қилиш ва идоралар фаолиятини баҳолашда ҳисобга олиш масалаларини ёритиб берди.

Ўзбекистонлик иштирокчилар хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид ҳуқуқий кафолатларни амалда қўллаш бўйича миллий тажриба билан ўртоқлашди.

Конференция якунида иштирокчилар хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш ва кадрлар захирасини шакллантиришни тизимли йўлга қўйиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди.
Гендер тенглигига оид маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишни такомиллаштириш ҳамда миллий қонунчиликни ривожлантиришда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олиш учун давлат органлари ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш таклиф этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА