Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратилмоқда
Ўзбекистон ва Туркия етакчиларининг ташаббуси билан икки давлат ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқич – стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик даражасига кўтарилди.
Айниқса, таълим дипломатияси ва инсон капиталини ривожлантириш икки томонлама ҳамкорликнинг узоқ муддатли кун тартибининг муҳим қисмига айланмоқда.
Бу «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори, профессор Гулноза Исмоилова ҳамда Туркия Олий таълим кенгаши ижроия кенгаши аъзоси, профессор Эрол Арcаклиоғлу иштирокида Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда қайд этилди.
Томонлар академик алоқаларни кенгайтириш, кадрлар тайёрлашни ривожлантириш, илмий алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамда қўшма таълим ташаббусларини ишга туширишга қаратилган ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Меморандум академик мобиллик ва қўшма таълим дастурларидан тортиб, иқтисодиёт ва давлат бошқарувининг стратегик муҳим тармоқларида ихтисослаштирилган стажировкалар ўташгача бўлган кенг кўламли йўналишлардаги ҳамкорликни назарда тутади.
Ўзбекистоннинг вазирлик ва идоралари, стратегик давлат компаниялари, университетлари, таҳлилий марказлари ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг истиқболли мутахассислари учун мақсадли стажировка ва малака ошириш дастурларини амалга ошириш асосий йўналишлардан бири бўлади.
Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Келишув доирасида ўзбекистонлик мутахассислар Туркиянинг клиникалари ва лабораторияларида хирургия, нейрохирургия, онкология, стоматология, жигар трансплантологияси сингари юқори технологияли тиббий мутахассисликлар бўйича клиник стажировкадан ўтиши, илмий тадқиқотлар олиб бориши ва амалий кўникмаларини ошириши мумкин.
Ҳужжатнинг муҳим қисми сунъий интеллект ва истиқболли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган. Хусусан, томонлар киберхавфсизлик, сунъий интеллект, робототехника ва дрон тизимлари соҳаларида стажировкалар ҳамда ихтисослаштирилган дастурларни амалга оширишга келишиб олди.
Туркиянинг етакчи университетлари, тадқиқот марказлари, технопарклари, инновацион «Hub» ва компаниялари негизида амалиётга йўналтирилган таълимни ташкил этиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон фуқароларининг Туркия университетларининг магистратура ва PhD дастурларида таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида урғу берилмоқда.
Бундан ташқари, томонлар академик алоқаларни ривожлантириш, инновацияларни илгари суриш, илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш ва таълим соҳасидаги тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган халқаро конференциялар, форумлар, симпозиумлар, давра суҳбатлари, ёзги ва қишки мактабларни биргаликда ташкил этишга келишиб олди.
Мазкур жараёнлар таълим дипломатиясини ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Бу рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, халқаро академик доираларда иштирок этишни кенгайтиради. Муҳими, Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратади.
Н.Абдураимова,
ЎзА