Ўзбекистоннинг Халқаро рейтингларда юқорилашида метрологиянинг ўрни
Метрология соҳасидаги ислоҳотлар самараси 2026 йилда энг юқори кўрсаткичларни қайд этмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш учун сифат инфратузилмаси индекси (QI4SD) 2026 йилги натижалари мамлакатимизнинг иқтисодий ва саноат салоҳияти халқаро миқёсда жадал ошиб бораётганини яна бир бор яққол намоён этди. Хусусан, Ўзбекистон 2022 йилда 130-ўринни, 2024 йилда 95-ўринни эгаллаган бўлса, 2026 йилги рейтингга кўра 42,3 балл тўплаб, 170 та давлат орасида 67-ўринга кўтарилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 28 поғонага, сўнгги тўрт йил давомида эса 63 поғонага юқорилаганини англатади. Ушбу улкан муваффақиятга эришишда сифат инфратузилмасининг муҳим таркибий қисми ҳамда халқаро савдонинг ишончли пойдевори ҳисобланган метрология соҳасида амалга оширилган изчил ислоҳотларнинг ҳиссаси беқиёс.

Жумладан, умумий муваффақиятнинг таркибий қисми сифатида метрология соҳасининг ўзигина 2024 йилга нисбатан 20 поғонага юқорилаб, 24,8 балл билан 70-ўринни эгаллади. Ўрни келганда айтиш жоизки, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 90-ўрин ва 15,9 баллни ташкил этган эди.
Рақамларнинг яққол таҳлили шуни кўрсатадики, соҳада эришилган ҳар бир индикатор мамлакатимизнинг глобал интеграция жараёнларида фаол иштирок этаётганини билдиради. Хусусан, Ўзбекистон 2025 йилдан буён Халқаро ўлчовлар ва вазнлар бюросининг (БИПМ) тўлақонли аъзоси мақомига эга бўлиб, ҳозирги кунда БИПМнинг 4 та консультатив қўмитасида фаол иштирок этиш бўйича зарур амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу билан бирга, Халқаро қонунчилик метрологияси ташкилотида (OIML) республикамиз 2001 йилдан буён уюшган аъзо ҳисобланса, айни пайтда тўлақонли аъзо сифатида кириш ва Халқаро конвенцияга қўшилиш каби муҳим ҳуқуқий ҳамда институционал жараёнлар изчил амалга оширилмоқда.
Статистик рақамларнинг чуқур қиёсий таҳлили шуни кўрсатадики, миллий ўлчовларнинг халқаро миқёсда эътироф этилишини таъминловчи калибрлаш ва ўлчов имкониятлари (CMC-қаторлар) баҳолаш давридаги 20 тадан ҳозирги кунда 27 тага етказилиб, уларнинг амалий кўлами 4 та йўналишдан 7 тага кенгайган. Бу, ўз навбатида, миллий лабораторияларимизнинг имкониятлари сезиларли даражада кенгайганини англатади. Шунингдек, CMC-қаторларни чоп этиш ҳамда такомиллаштириш бўйича асосий ва қўшимча солиштиришлар сони ҳам ортиб, 46 та лойиҳадан 50 тага етказилди. Бундай рақамларнинг ўсиши маҳаллий синов ва ўлчов натижаларининг хорижий давлатлар томонидан тан олинишини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.
Умуман олганда, Ўзбекистон миллий метрология институти ва соҳа мутахассисларининг саъй-ҳаракатлари туфайли миллий ўлчов тизимини замонавий халқаро талаблар даражасига кўтариш, глобал рейтингларда мамлакатимиз мавқеини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ва юқори натижаларга эришилмоқда. Мазкур ижобий рақамлар ва динамика техник тўсиқларни бартараф этиш, экспорт географиясини кенгайтириш, ички бозорни сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан тўлиқ таъминлаш ҳамда миллий ишлаб чиқувчиларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
ЎзА