Ўзбекистонда саноат корхоналари муаммоларининг 74,8 фоизи бартараф этилди
Ўзбекистонда саноат корхоналари дуч келаётган 7,9 мингдан ортиқ муаммонинг қарийб 75 фоизи ҳал этилди. Бу тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдаги энг муҳим кўрсаткич.
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш ҳамда фаолият жараёнида юзага келаётган турли тўсиқларни бартараф этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тақдим этилган 2026 йилги маълумотларга кўра, республика бўйлаб жами 6 минг 639 та саноат корхонасида 7 минг 975 та муаммоли масала аниқланган бўлиб, кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида уларнинг 74,8 фоизи ижобий ҳал этилган.
Бундай юқори кўрсаткичнинг таъминлангани, аввало, иқтисодиётнинг асосий драйвери бўлган саноат тармоғидаги тўсиқларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш бўйича манзилли тизим самара бераётганини англатади. Бунинг натижасида корхоналарнинг тўлақонли ишлаши, янги иш ўринларининг сақлаб қолиниши, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларининг барқарорлиги таъминланиб, жамиятда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланмоқда.
Ўтказилган таҳлиллар саноат корхоналари дуч келаётган қийинчиликларнинг кўлами ва хусусиятини кўрсатади. Хусусан, муаммолар турлари таснифланганда, электр таъминоти масалалари бўйича энг кўп — 1 313 та муаммо қайд этилган бўлиб, шундан 1 минг 166 таси ёки 88,8 фоизи тўлиқ ҳал қилинган. Ушбу соҳада ижобий ечимларнинг юқорилиги энергетика инфратузилмасини барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг амалий натижаси бўлиб, корхоналарнинг узлуксиз ишлашига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, молиявий ресурслар билан боғлиқ кредит ажратиш жараёнларидаги 1 минг 61 та масаладан 776 таси (73,1%) ва солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ 576 та масаланинг 409 таси (71,0%) бартараф этилиши бизнес субъектларининг айланма маблағларини яхшилаш ҳамда солиқ юкини мақбуллаштиришда муҳим омил бўлди.
Шунингдек, газ таъминоти бўйича 409 та муаммодан 230 таси (56,2%) ҳамда рухсатнома, лицензия ва сертификатларни расмийлаштиришдаги 374 та масаладан 251 таси (67,1%) ижобий ечим топди. Бироқ, корхоналарни кенгайтириш ва янги қувватларни жойлаштиришда муҳим ҳисобланган бино ва ер кадастри соҳасидаги 627 та муаммодан бор-йўғи 309 таси (49,3%), кредит муддатларини узайтириш бўйича 62 та масаладан 30 таси (48,4%), транспорт ва логистика йўналишидаги 61 та масаладан эса атиги 20 таси (32,8%) ҳал этилгани бу борадаги бюрократик тўсиқлар ва муаммоларни бартараф этиш механизмини янада жадаллаштириш зарурлигини кўрсатади. Бундан ташқари, хомашё, мутахассис ва реализация каби бошқа йўналишларга оид 3 минг 492 та муаммонинг 2 минг 775 таси (79,5%) ҳал этилгани корхоналарнинг ички имкониятларини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.
Муаммоларни бартараф этиш кўрсаткичлари ҳудудлар кесимида ҳам сезиларли даражада фарқ қилади. Хусусан, жойлардаги масъул идораларнинг фаоллиги натижасида Сурхондарё вилоятида муаммоларни ҳал этиш кўрсаткичи 88,2 фоизни ташкил этиб, республикада етакчилик қилмоқда. Шунингдек, Навоий (83,4%), Бухоро (82,3%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (80,4%) ҳам натижадорлик юқори экани кузатилди. Бу ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар ва идораларнинг тадбиркорлар билан бевосита ишлаш тизими йўлга қўйилганидан далолат беради.
Тошкент шаҳри (79,3%), Қашқадарё (79,0%), Самарқанд (77,0%), Тошкент (76,9%), Жиззах (73,0%), Фарғона (71,0%) ва Наманган (70,4%) вилоятларида ҳам муаммоларнинг катта қисми ижобий ечим топган. Бироқ, Сирдарё (68,1%), Хоразм (54,5%) ва Андижон (54,1%) вилоятларида кўрсаткичлар республика ўртача даражасидан паст шаклланган бўлиб, мазкур ҳудудларда аниқланган муаммоларни ҳал этишда идоралараро ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда қўшимча чоралар кўриш талаб этилади.
Умуман олганда, республика бўйлаб саноат корхоналарининг дуч келаётган тўсиқларини бартараф этиш, тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмларини барқарор ошириш борасидаги чора-тадбирлар изчил давом эттирилиб, жойларда мавжуд камчиликларни қисқартириш ва ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга солишга қаратилган ишлар кучайтирилмоқда.
ЎзА