Камбағалликни қисқартириш ва бандлик: Жаҳон банки билан ҳамкорлик самаралари
Мамлакатда маҳаллабай ишлаш тизими йўлга қўйилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги механизмлар жорий этилмоқда. Ушбу стратегик мақсадларга эришишда халқаро молиявий институтлар, хусусан, Жаҳон банки гуруҳи билан йўлга қўйилган яқин ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу аснода, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Жаҳон банки гуруҳи академияси ҳамкорлигида муҳим ташаббусга қўл урилди. Дастур доирасида аҳолининг заиф қатламларини меҳнат бозорига самарали жалб этиш ва уларнинг иқтисодий интеграциясини таъминлашга қаратилган «Jobs for the Poor» (J4P) Impact Program миллий семинари ташкил этилди. Ушбу тадбир нафақат соҳа мутахассисларининг салоҳиятини ошириш, балки халқаро илғор тажрибаларни маҳаллий даражада татбиқ этиш учун қулай майдонга айланди.

Жаҳон банки, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда хусусий сектор вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этган тадбирда иқтисодий интеграциянинг замонавий ёндашувлари, камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини иқтисодий фаолиятга жалб этиш механизмлари, уларнинг бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар доирасида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича ижтимоий ҳимоя ва бандлик амалиёти раҳбари Паоло Белли билан учрашди.

Унда “Кўникмалар ва иқтисодий инклюзия орқали унумли бандлик” лойиҳасини ҳамкорликда тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, касбий кўникмаларни ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида инклюзив имкониятларни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, хусусий сектор билан ҳамкорлик, оилавий тадбиркорларни кооперативларга бирлаштириш ҳамда вазирлик фаолиятига сунъий интеллектни жорий этиш тажрибаси тақдим этилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА