Ўзбекистонликларнинг хорижга туристик сафарлари сони ортиб бормоқда
2026 йилнинг январь–октябрь ойларида 6,5 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижий давлатларга сафар қилган.
Қайд этилишича, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 154,2 минг нафарга кўп. Ҳисобот даврида Ўзбекистон фуқаролари энг кўп ташриф буюрган давлатлар орасида Қирғиз Республикаси етакчилик қилмоқда. Ушбу мамлакатга 2 миллион 983 минг 680 нафар юртдошимиз сафар қилган.
Кейинги ўринлардан Қозоғистон (1 миллион 183 минг 775 нафар) ва Тожикистон (1 миллион 92 минг 184 нафар) жой олган.
Шунингдек, хорижга сафар қилган ўзбекистонликлар орасида Россия (301 420 нафар), Туркия (257 904 нафар), Саудия Арабистони (253 789 нафар), Бирлашган Араб Амирликлари (73 289 нафар), Хитой (64 809 нафар), Миср (50 463 нафар) ва Вьетнам (38 276 нафар) ҳам оммабоп йўналишлар қаторига кирган.
Мазкур маълумотлар шундан далолат берадики, ўзбекистонликлар томонидан амалга оширилган туристик сафарларнинг асосий қисми қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА