Эстония телетомошабинлари Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан танишмоқда
Эстониянинг ERR миллий телерадиокомпанияси мамлакатимизнинг тарихий, маданий, гастрономик ва туристик салоҳиятига бағишланган махсус лойиҳани амалга оширмоқда. Унинг доирасида тасвирга олинган ҳужжатли фильм «“Gastrotravel” ташриф буюради» дастури орқали ҳар куни эфирга узатилиб, хориж аудиториясини ўлкамизнинг бой ўтмиши ва бугунги тараққиёти билан яқиндан таништирмоқда.
Лойиҳа муаллифлари тарихий обидалар, Тошкентнинг замонавий меъморий қиёфаси, юртимизнинг маданий ва маънавий қадриятларига алоҳида эътибор қаратган. Фильмда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳамда минтақамизнинг бой меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар кенг ёритилган.
Шунингдек, халқимизга хос урф-одатлар, меҳмондўстлик анъаналари ва миллий таомларимиз ҳақида ҳам батафсил ҳикоя қилинади. Хусусан, гастрономик маданиятимиз рамзларидан бири бўлган анъанавий палов тайёрлаш жараёнининг ўзига хос жиҳатлари намойиш этилади.
ERR — Эстониянинг етакчи телерадиокомпанияларидан бири бўлиб, кенг аудиторияни қамраб олган. Фильм телевидениедан ташқари, “Jupiter” рақамли платформасига ҳам жойлаштирилган. Бу эса Ўзбекистонни Болтиқбўйи ва Шимолий Европа давлатлари аҳолисига янада кенгроқ танитишга хизмат қилади.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши юртимизнинг сайёҳлик имкониятларини тарғиб этиш, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ҳамда Шимолий Европа мамлакатларидан сайёҳлар оқимини оширишга ёрдам беради.
Азиза Алимова, ЎзА