Ўзбекистонлик шахматчи қиз ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионати совриндори бўлди
Малайзиянинг Кланг шаҳрида ўтказилган “FIDE World Amateur Chess Championships 2026” мусобақасида маҳоратли шахматчи қизимиз Мумтозбегим Мансурова кумуш медални қўлга киритди.
Дунёнинг 45 мамлакатидан 393 нафар шахматчи иштирок этган мазкур жаҳон чемпионатида эркаклар ва аёллар 3 тадан тоифадаги мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб боришди.
Чемпионатнинг U2300 рейтинг тоифасидаги аёллар мусобақасида ишончли дона сурган Мумтозбегим Мансурова 9 тур давомида 6 та ғалаба, 2 та дуранг ва 1 та мағлубият қайд этиб, 7 очко жамғарди.
Ушбу кўрсаткич туфайли ҳамюртимиз М. Мансурова жаҳон чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлиши ортидан мусобақа якунида ўзининг халқаро рейтингини 68,4 пунктга оширишга муваффақ бўлди.Олтин медаль 7,5 очко жамғарган ҳиндистонлик Павитрага насиб этди.

“FIDE World Amateur Chess Championships 2026”нинг эркаклар гуруҳида U2300 рейтинг тоифасида қатнашган ҳамюртимиз Авазбек Ишбоев 79 нафар иштирокчи орасида 5 очко билан 24, U2000 рейтинг гуруҳида Муҳаммадризо Умаров 115 нафар қатнашчи ичида 6,5 очко билан 5-ўринни, U1700 рейтинг тоифасида дона сурган Саидамир Тоҳиров 113 нафар шахматчи орасида 6 очко билан 16-поғонани банд этди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА