Спортчилар муносиб кутиб олинди
Жорий йилнинг 5-9 ноябрь кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида бўлиб ўтган Талабалар Баскетбол Ассоциациясининг 3x3 баскетбол бўйича суперфинал мусобақасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қизлар терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган эди.
Нукус темир йўл вокзалида халқаро мусобақада юртимиз олий ўқув юрти шарафини муносиб ҳимоя қилиб, кумуш медаль билан қайтган спортчилар тантанали тарзда кутиб олинди. Унда университет ректорати вакиллари, Жисмоний маданият факультети профессор-ўқитувчилари иштирок этиб, спортчиларга юксак ҳурмат кўрсатди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, жамоани халқаро майдондаги ютуғи билан самимий муборакбод этиб, келгуси мусобақаларда ҳам зафарлар тилади. Ушбу натижа мазкур олий ўқув юртида спортни ривожлантириш, талаба-ёшларнинг жисмоний салоҳиятини ошириш ва иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш йўналишида олиб борилаётган ишларнинг амалий самарасидир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири