Синдоров — Гукеш: жаҳон чемпионлиги учун баҳс санаси, регламенти ва мукофот жамғармаси
Тарихий қарама-қаршилик 22-ноябрдан 12-декабргача Швейтсариянинг Женева шаҳри яқинидаги Колони ҳудудида жойлашган Фондатион Мартин Бодмер мажмуасида ташкил этилади.
Ўзбекистон шахмати тарихида янги саҳифа очилишига саноқли кунлар қолди. Гроссмейстер Жавоҳир Синдоров илк бор классик шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун матчда иштирок этади.
Ҳамюртимизнинг рақиби ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш бўлади. Амалдаги жаҳон чемпиони ўз унвонини ҳимоя қилишга интилса, Синдоров шахмат тожини Ўзбекистонга олиб келиш учун курашади.
Тарихий қарама-қаршилик 22-ноябрдан 12-декабргача Швейцариянинг Женева шаҳри яқинидаги Колони ҳудудида жойлашган Фондатион Мартин Бодмер мажмуасида ташкил этилади.
Мусобақанинг очилиш маросими 22-ноябрга белгиланган. Дастлабки классик партия эса 24-ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
Жаҳон чемпиони қандай аниқланади?
Гукеш ва Синдоров ўртасидаги матч кўпи билан 14 та классик партиядан иборат бўлади. Биринчи бўлиб 7,5 очко жамғарган гроссмейстер жаҳон чемпионлигини қўлга киритади. Агар 14 та партиядан сўнг ҳисоб 7:7 кўринишида бўлса, ғолиб 12-декабрь куни қўшимча тай-брейк баҳсларида аниқланади. Дастлаб шахматчилар рапид форматида куч синашади. Зарурат туғилса, блиц партияларига мурожаат қилинади.
Партиялар учун қанча вақт берилади?
Регламентга кўра, ҳар бир шахматчи дастлабки 40 та юришни амалга ошириш учун 120 дақиқага эга бўлади. Шундан сўнг партиянинг қолган қисми учун яна 30 дақиқа ажратилади. 41-юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун қўшимча 30 сониядан вақт бериб борилади.
Мукофот жамғармаси қанча?
Нуфузли матчнинг умумий соврин жамғармаси 2,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мукофот маблағлари мусобақа регламентига мувофиқ, қўлга киритилган ғалабалар ва матчнинг якуний натижасига қараб тақсимланади.
Ўзбекистон учун тарихий имконият
Жавоҳир Синдоров 2025-йилги Жаҳон кубогида ғолиб чиққан, 2026-йилги Номзодлар турнирида эса мағлубиятсиз биринчи ўринни эгаллаган эди. Айнан ушбу муваффақият унга амалдаги жаҳон чемпионига қарши матчда қатнашиш ҳуқуқини берди.
Шу тариқа, Ўзбекистон тарихида биринчи марта мамлакатимиз вакили классик шахмат бўйича мутлақ жаҳон чемпиони унвони учун кураш олиб боради.
sport.uza.uz