Ўзбекистонга 252,5 миллион долларлик активлар қайтарилади
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини мамлакатимизга қайтариш бўйича битим тасдиқланди.
24 ноябрь куни тасдиқланган келишувга мувофиқ, 252,5 миллион АҚШ доллари "Ишонч - 2030" траст жамғармаси орқали аҳолининг ижтимоий фаровонлигини ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилади.
Ресурсларни тақсимлаш стратегиясининг иккинчи босқичига оид ҳужжат Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, Швейцариянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Симоне Гигер ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл томонидан имзоланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида ташкил этилган "Ишонч" жамғармаси мусодара қилинган активларни Ўзбекистон халқи манфаатлари йўлида қайтариш ва улардан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Маблағлар БМТ ва Жаҳон банки иштирокидаги дастурлар орқали шаффофлик ва жамоатчилик назорати тамойиллари асосида сарфланади.

Жамғарманинг биринчи босқичида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига 87 миллион доллар йўналтирилган. Ушбу маблағлар оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал ёрдамни яхшилаш, таълим сифатини ошириш ҳамда ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилган.
Иккинчи босқичда маблағлар икки устувор йўналишга йўналтирилади. Соғлиқни сақлаш соҳасида болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдамни такомиллаштириш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш имкониятларини кенгайтириш, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш кўзда тутилган. Таълим йўналишида эса мактаб инфратузилмасини яхшилаш, янги мактаблар қуриш, рақамли технологияларни жорий этиш ва ўқитувчилар малакасини оширишга эътибор қаратилади.
Бунда, айниқса, қишлоқ ҳудудлари ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш устувор аҳамият касб этади. Шунингдек, маблағларнинг мақсадли сарфланиши, лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш ва фуқаролик жамияти вакилларининг мустақил мониторингдаги иштироки таъминланади.
Янги келишув Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида ноқонуний олиб чиқилган активларни қайтариш ҳамда уларни аҳоли фаровонлигига йўналтириш борасидаги ҳамкорлик изчил давом этаётганини кўрсатади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА