Диний мутаассиблик ва экстремизм - жамият хавфсизлигига таҳдид
Хоразм вилоят божхона бошқармасида жамият хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солувчи омилларнинг олдини олиш, ходимларнинг ҳуқуқий ва маънавий билимларини ошириш мақсадида ўқув машғулоти ташкил этилди.
Тадбирда Урганч шаҳар имоми ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходими «Диний мутаассиблик ва экстремизм – жамият хавфсизлигига таҳдид» мавзусидаги маърузалари билан қатнашдилар.

Машғулот давомида диний мутаассиблик, экстремизм ва терроризмнинг мазмун-моҳияти, уларнинг жамият тинчлиги, фуқаролар осойишталиги ҳамда давлат хавфсизлигига салбий таъсири ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш, зўравонликни тарғиб қилувчи чақириқлар ва радикал қарашларнинг тарқалиши қандай хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликда диний экстремизм, терроризм, зўравонлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик чоралари тушунтирилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексида назарда тутилган тегишли моддалар шарҳлаб берилди.

– Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бундай қилмишлар учун жавобгарлик кучайтирилди, – дейди Лайло Ғаниева. – Тадбир давомида вилоятимизда бу борада амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 14 октябрда қабул қилинган қонуни билан болаларга нисбатан зўравонлик, шу жумладан, жинсий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилгани ҳақида маълумот берилди.
Тадбир якунида ахборот маконида тарқатилаётган турли бузғунчи ғояларга нисбатан ҳушёр ва огоҳ бўлиш зарурлиги яна бир бор уқтирилиб, жамиятда тинчлик ва осойишталикни асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи ва масъулияти экани алоҳида таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири