Ўзбекистондан илк бор икки нафар чавандоз жаҳон чемпионатида қатнашади
Ўзбекистон от спорти тарихида янги саҳифа очилди. Мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари Бекзод Қурбонов ва Абдураҳмон Абдуллаев 2026 йил 11–23 август кунлари Германияда ўтказиладиган конкур бўйича FEI жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Илк бор Ўзбекистон номидан бир вақтнинг ўзида икки нафар чавандоз ушбу нуфузли мусобақада майдонга тушади.
Ҳар тўрт йилда бир марта ташкил этиладиган FEI жаҳон чемпионати от спортидаги энг йирик мусобақалардан бири ҳисобланади. Нуфузи жиҳатидан у фақат Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда туради. Мазкур чемпионатда жаҳоннинг энг кучли чавандозлари ва спорт отлари сайёрамиз чемпионлиги учун баҳс олиб боради.
Бу йилги мусобақада 59 мамлакат вакиллари қатнашади. Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 188 та спорт жуфтлиги — чавандоз ва от жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боради.
Ўзбекистон номидан икки нафар чавандознинг бир вақтнинг ўзида жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритгани мамлакатимиз от спорти тарихидаги энг ёрқин натижалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу эса миллий от спорти мактабининг халқаро майдонда рақобатбардошлиги ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА