Ўзбекистонда янги авлод учувчилари тайёрланади
Тошкент давлат транспорт университетида мамлакатимиз авиация таълимини ривожлантириш, замонавий халқаро стандартларга мос юқори малакали учувчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Бугунги кунда авиация соҳасининг барқарор ривожи, аввало, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга, халқаро талабларга жавоб берадиган малакали мутахассисларни тайёрлаш билан бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда учувчилар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, таълим жараёнига илғор хорижий тажриба ва замонавий технологияларни жорий этиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Учрашувда Тошкент давлат транспорт университети, «Uzbekistan Airways» АЖ ҳамда Словения Республикасининг «Egmont Aviation» учувчилар тайёрлаш мактаби вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида учувчилар тайёрлаш йўналишида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни изчил ривожлантириш, таълим жараёнини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш ҳамда бўлажак мутахассислар учун янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, халқаро тажриба ва илғор таълим технологияларини ўқув жараёнига татбиқ этиш, учувчилар тайёрлашнинг замонавий моделини шакллантириш, назарий билимларни амалий тайёргарлик билан уйғунлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Замонавий авиация мутахассисини тайёрлашда назарий билимнинг ўзи етарли эмас. Бўлажак учувчи замонавий ҳаво кемаларини бошқариш, парвоз хавфсизлиги талабларига риоя қилиш, фавқулодда вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ва халқаро авиация қоидалари асосида ишлаш бўйича зарур амалий кўникмаларга ҳам эга бўлиши лозим. Шу боис учрашувда таълим ва амалий тайёргарликни ўзаро уйғунлаштириш масаласи муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Шунингдек, учувчилар тайёрлаш жараёнини таълим муассасаси — авиакомпания — халқаро авиация мактаби ҳамкорлиги асосида ташкил этиш бўйича истиқболли йўналишлар юзасидан фикр алмашилди. Бундай ёндашув талабаларнинг ўқиш жараёнидаёқ соҳанинг амалий талаблари билан яқиндан танишиши, касбий кўникмаларини шакллантириши ва халқаро тажрибага эга бўлиши учун муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув доирасида талабалар учун халқаро даражадаги таълим ва малака ошириш имкониятларини кенгайтириш, хорижий авиация таълим муассасалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда соҳадаги замонавий ёндашувларни миллий таълим тизимига жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА