Ўзбекистонда хорижий университетлар билан янги таълим лойиҳалари жадаллаштирилади
Халқаро стандартларга мос таълим тизимини шакллантириш, нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ёшларга сифатли таълим имкониятларини яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган қўшма таълим лойиҳалари юзасидан навбатдаги муҳим йиғилиш бўлиб ўтди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов раислигида хорижий университетлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган таълим лойиҳалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Ўзбек—Француз университети, Бауман номидаги Москва давлат техника университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, шунингдек, Хитой, Япония ва Германиянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларнинг бориши кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида қурилиш ва реконструкция ишларини жадаллаштириш, молиялаштириш масалаларини ҳал этиш, ташкилий-ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштириш, профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш ҳамда талабалар қабулини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Бауман номидаги Москва давлат техника университетининг Тошкент филиали бўйича қурилиш ишларини тезлаштириш, филиал фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш ва абитуриентларни кенг жалб этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Ўзбек—Француз университети фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, уни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, магистратурага қабул жараёнларини такомиллаштириш ҳамда инфратузилмани янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Хитой, Япония ва Германиянинг етакчи университетлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган янги таълим лойиҳаларини тезлаштириш, ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва амалий чора-тадбирларни самарали ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА