Экология соҳасидаги мурожаатларнинг катта қисми маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш масаласи билан боғлиқ
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларига жисмоний ҳамда юридик шахслардан 28 минг 168 та мурожаат келиб тушди.
Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос давридаги 18 минг 558 та мурожаатга нисбатан 9 минг 610 тага ёки 51 фоизга кўпдир.
Қайд этилишича, мурожаатларнинг энг катта қисми маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш масалаларига тўғри келади. Ҳисобот даврида ушбу мавзу бўйича 13 минг 640 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу жами мурожаатларнинг 48,4 фоизини ташкил этади. Яна 5 минг 201 та мурожаат (18,4 фоиз) маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари бўйича қарздорлик масалаларига оид бўлган. Шунингдек, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши (2 077 та мурожаат) ҳамда ўсимлик дунёсига зарар етказиш, жумладан дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ масалалар (1 856 та мурожаат) ҳам долзарб мавзулар қаторидан жой олди.
Маиший чиқиндилар билан боғлиқ мурожаатлар сонининг ортиши аҳолининг хизматлар билан қамровини кенгайтириш, янги ҳудудларни тизимга улаш, “Тоза макон” биллинг тизими орқали ҳисоб-китобларни рақамлаштириш, шунингдек, чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун қарздор бўлган истеъмолчиларга электр энергияси таъминотини чеклаш механизмининг жорий этилиши билан ҳам боғлиқ. Бундан ташқари, Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан 1205 қисқа рақами орқали туну кун ишловчи Call-марказ ишга туширилгани мурожаатлар йўллаш имкониятларини янада кенгайтирди.
Мурожаатлар билан ишлашда фақат уларни рўйхатга олиш билан чекланмай, муаммоларни амалий ҳал этишга ҳам қаратилган. Зарурат туғилганда мурожаатлар жойига чиқиб, аҳоли иштирокида ўрганилади. Такрорий ва жамоавий мурожаатлар эса маҳалла раислари ҳамда “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирокида кўриб чиқилади ва натижаларига кўра тегишли қарорлар қабул қилинади.
Ҳисобот даврида 25 минг 994 та мурожаат ёки 92,2 фоизи қаноатлантирилган. 417 та мурожаат бўйича фуқароларга тушунтиришлар берилган, 44 та мурожаат рад этилган, 13 таси бошқа ташкилотларга юборилган, 293 таси қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқилмаган, яна 1 407 таси ўрганиш жараёнида қолмоқда.
Мурожаатларнинг салмоқли қисми Президентнинг Халқ қабулхоналари орқали келиб тушмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида ушбу канал орқали қўмитага 8 166 та мурожаат юборилган бўлиб, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1 008 тага ёки 12 фоизга кўпдир. Уларнинг 7 468 таси ёки 91,5 фоизи қаноатлантирилган.
Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида қўмитада 1157 рақами орқали туну кун ишловчи “Ишонч телефони” Call-маркази фаолият юритмоқда. Шунингдек, мурожаатлар "@эcоговуз_бот", "@эcоназорат_бот" Телеграм-ботлари ва Facebookдаги “Халқ назорати” гуруҳи орқали ҳам қабул қилинади. Турли электрон платформалар орқали келиб тушган мурожаатларнинг ижроси доимий мониторинг остида сақланади.
Мурожаатлар билан ишлаш кенгроқ экологик муаммоларни ҳал этиш билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Хусусан, Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш чора-тадбирлари доирасида атроф-муҳитга юқори ва ўрта даражада таъсир кўрсатувчи 554 та саноат корхонаси ўрганилди. Натижада 58 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди, 9 та корхона бошқа ҳудудларга кўчирилди, бу эса атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар ҳажмини 163,5 тоннага камайтиришга имкон берди. “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида 8 та корхонада 17 та чанг-газ тозалаш қурилмаси модернизация қилиниб, 2 444 та фильтр алмаштирилди. Яна 13 та корхонада "eko-nazorat.uz" платформасига интеграция қилинган автоматик намуна олиш тизимлари ўрнатилди.
Келгусида қўмита ҳудудларда профилактик ўрганишларни кенгайтириш, аҳолининг экологик-ҳуқуқий маданиятини ошириш, экологик назорат самарадорлигини кучайтириш ва мурожаатларда кўтарилаётган тизимли масалаларни ҳал этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА