Бухоро мактабларида хорижий мутахассислар фаолияти кенгаймоқда
Бухоро вилояти умумтаълим мактабларида хорижлик мутахассисларни таълим жараёнига жалб этиш кўлами кенгаймоқда. Бу орқали илғор хорижий тажрибани ўқув жараёнига татбиқ этиш, замонавий педагогик методларни оммалаштириш ҳамда ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратилаяпти.
2024/2025 ўқув йилида вилоят умумтаълим мактабларига 11 нафар хорижлик мутахассис жалб этилган бўлса, 2025/2026 ўқув йилида уларнинг сони 85 нафарни ташкил этди. Жорий ўқув йилида эса 143 нафар хорижлик мутахассисни таълим жараёнига жалб этиш режалаштирилган.
Бухоро давлат педагогика институтида хорижлик ўқитувчилар ва умумтаълим мактаблари директорлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда хорижий тажрибани таълим жараёнига татбиқ этиш, педагоглар ўртасида тажриба алмашиш ва ўқитиш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев хорижлик мутахассисларни таълим жараёнига жалб этиш ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий таълим методикаларини ўзлаштириш ва халқаро тажрибани мактаб амалиётига жорий этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбир доирасида умумтаълим мактабларига жалб этилган хорижлик ўқитувчилар иштирокида «Келажак учун хорижий тил» лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди.
[gallery-31840]
Лойиҳадан кўзланган мақсад хорижий тилларни ўқитиш самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг инглиз тили бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, айниқса, битирувчи синф ўқувчиларининг хорижий тиллар бўйича сертификат олиш кўрсаткичларини яхшилашдан иборат.
Ўтган ўқув йилида тажриба-синов тариқасида йўлга қўйилган лойиҳа доирасида умумтаълим мактабларининг 10–11-синф ўқувчилари қамраб олинган эди. Эндиликда махсус ишлаб чиқилган дастур асосида машғулотларни тизимли ташкил этиш, ўқувчиларнинг инглиз тилида эркин мулоқот қилиш қобилиятини шакллантириш, амалий билим ва кўникмаларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Мулоқот давомида хорижлик экспертлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, таълим жараёнидаги долзарб масалалар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидланганидек, хорижлик мутахассисларни таълим жараёнига жалб этишдан мақсад халқаро тажрибани ўрганиш билангина чекланмай, уни маҳаллий шароитга мослаштирган ҳолда амалиётга жорий этишдан иборат. Бу эса педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, ўқувчиларнинг таълим имкониятларини кенгайтириш ва таълим сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА