Ўзбекистонда субсидия дастурлари туризм соҳасида хусусий инвестицияларни рағбатлантирмоқда
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси томонидан мамлакатда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги хизмат турларини яратиш ҳамда хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар доирасида бир қатор йирик туристик объектлар фойдаланишга топширилмоқда. Хусусан, меҳмонхона бизнеси, кўнгилочар масканлар ва экстремал туризм йўналишларини ривожлантиришга қаратилган субсидиялар ҳамда давлат қўллаб-қувватлаш механизмлари соҳанинг жадал ўсишига хизмат қилмоқда.
Жумладан, Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги “Лангар” туризм маҳалласида барпо этилган янги кўнгилочар маскан шулар жумласидандир. Замонавий туристик талабларга мос равишда қурилган мазкур дам олиш ҳудуди 800 метр узунликдаги зиплайн, 200 метрлик тюбинг йўлаги, замонавий ресторан ва селфи зона каби хизматларни ўз ичига олади. Бундай лойиҳалар давлат субсидиялари ва инвесторлар ташаббуси асосида амалга оширилиб, ҳудудда янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, пойтахт Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 84 хонали, 3 юлдузли “RAUZA” меҳмонхонаси ҳам сайёҳларга юқори стандартларда хизмат кўрсатишни бошлади. Меҳмонхона шаҳар марказида, метро бекатига яқин ҳудудда жойлашган бўлиб, бу уни MICE туризми ҳамда меҳмонлар учун жуда қулай масканга айлантиради. Унда стандарт ва люкс тоифадаги хоналар мавжуд бўлиб, ҳар бири замонавий дизайн, қулай мебеллар ва дам олиш учун зарур барча шароитлар билан жиҳозланган. Шунингдек, меҳмонхона атрофида жойлашган турли кафе ва ресторанлар меҳмонлар учун қўшимча қулайлик яратади.

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида жойлашган “SHERLINE” ва “NOVA” меҳмонхоналари ҳам туризм инфратузилмасини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарасидир. Ушбу меҳмонхоналар ҳудудга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун замонавий ва қулай жойлашув хизматларини тақдим этишга хизмат қилмоқда.


Таъкидлаш жоизки, Туризм қўмитаси томонидан амалга оширилаётган субсидия дастурлари ҳамда хусусий сектор билан ҳамкорликда барпо этилаётган замонавий объектлар Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини ошириш, ички ва ташқи сайёҳлар оқимини кўпайтириш, шунингдек, ҳудудлар иқтисодий ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА