Ўзбекистонда илк бор аэрологик шар учирилди
Бухорода илк бор замонавий метеорологик зонд билан жиҳозланган аэрологик шар муваффақиятли учирилди.
Ушбу парвоз Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан амалга оширилди. Мазкур лойиҳа мамлакатимиз гидрометеорология хизматини ривожлантириш ҳамда атмосфера ҳолатини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Янги технология атмосферанинг юқори қатламларида кечаётган жараёнлар ҳақида янада тўлиқ маълумот олиш имконини яратади. Аэрологик шарга ўрнатилган метеозонд турли баландликларга кўтарилиш жараёнида ҳаво ҳарорати ва намлиги, атмосфера босими, шамолнинг тезлиги ҳамда йўналиши каби асосий кўрсаткичларни реал вақт режимида ўлчаб, ер усти қабул станциясига узатади.
Олинган маълумотлар мутахассисларга атмосферанинг турли баландликлардаги ҳолатини таҳлил қилиш ва ушбу ахборотдан синоптик таҳлилларни амалга оширишда фойдаланиш имконини беради. Бу эса об-ҳаво прогнозлари аниқлигини ошириш ва хавфли гидрометеорологик ҳодисаларни барвақт аниқлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Булардан ташқари, атмосфера ҳолати тўғрисидаги ишончли маълумотлар авиация, қишлоқ хўжалиги, транспорт ҳамда иқтисодиётнинг бошқа муҳим тармоқларини метеорологик ахборот билан таъминлаш учун зарур ҳисобланади. Иқлим ўзгариши ва хавфли об-ҳаво ҳодисалари сони ортиб бораётган бугунги шароитда Бухородаги ушбу муваффақиятли амалиёт соҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА