Бухорода хизматлар соҳаси янги ривожланиш босқичида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида хизматлар соҳасини ривожлантириш, аҳолига сифатли ва замонавий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Автомобиль йўллари бўйи ҳамда сув ҳавзалари атрофида замонавий инфратузилмага эга сервис, савдо ва дам олиш масканларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, А-380 ва М-37 халқаро автомобиль йўлларининг вилоят ҳудудидан ўтувчи 486 километр қисмида йўл бўйи хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишда 203 та лот бўйича 69,4 гектар ер майдони электрон аукцион савдоларига чиқарилиб, 45,3 гектар майдон 133 нафар тадбиркорга реализация қилинди. Бу ерларда замонавий хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун имкониятлар яратилмоқда.
[gallery-30821]
Айниқса, Ғиждувон тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 халқаро автомобиль йўли бўйида ташкил этилаётган хизмат кўрсатиш ҳудуди эътиборга молик. Бу ерда қарийб 100 та янги бизнес субъектини ташкил этиш, 1 минг 550 та иш ўрни яратиш ҳамда 650 миллиард сўм инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.
Вилоятда сув ҳавзалари атрофида замонавий дам олиш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини шакллантириш ишлари ҳам давом этмоқда. Жумладан, 11 та соҳилбўйи дам олиш масканини ташкил этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 50 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, 124 та иш ўрни яратилди.
Соҳилбўйи ҳудудларни ободонлаштириш ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш аҳоли учун қулай дам олиш шароитларини яратиш билан бирга, туризм ва хизматлар соҳасида тадбиркорлик фаоллигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Йил якунига қадар вилоятда 913 та янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектини ишга тушириш, 5 минг 257 нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА