Ўзбекистонда давлат бошқарувининг янги рақамли модели шаклланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 июлдаги “"Рақамли ҳукумат" тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатда давлат бошқарувини рақамли трансформация қилишнинг янги босқичини бошлаб бермоқда. "Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида қабул қилинган мазкур ҳужжат давлат бошқарувининг ягона рақамли экотизимини шакллантириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, киберхавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон манфаатларига йўналтирилган рақамли давлат хизматларини янада ривожлантиришни назарда тутади.
Қарор билан 2026–2028 йилларга мўлжалланган аниқ вазифалар, масъул ташкилотлар ва "йўл хариталари" тасдиқланган бўлиб, бу мамлакатда рақамли давлат бошқарувини изчил ривожлантириш ва давлат хизматларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Ягона интеграциялашган рақамли платформа – янги ёндашув асоси
Замонавий рақамли давлат бошқарувини ягона интеграциялашган рақамли инфратузилмасиз тасаввур этиб бўлмайди. Бугунги кунда кўплаб давлат органлари ўзаро интеграциялашмаган ахборот тизимларидан фойдаланмоқда. Бу эса маълумотларнинг такрорланишига, идоралараро ахборот алмашинувининг қийинлашишига ҳамда маълумотларни қайта ишлаш муддатларининг узайишига сабаб бўлмоқда.
Президент қарорида давлат ахборот тизимларини ягона рақамли муҳитга бирлаштирадиган Ягона интеграциялашган рақамли платформани яратиш назарда тутилган. Бу давлат органлари ахборот тизимларининг самарали ўзаро ҳамкорлигини таъминлаб, маълумотларни «бир марта киритиш» («Once-Only Principle») тамойилини ҳаётга татбиқ этишнинг ҳуқуқий ва технологик асосини яратади. Мазкур тамойилга кўра, маълумотлар бир марта киритилади ва барча ваколатли давлат органлари томонидан такроран сўралмасдан фойдаланилади.
Фуқаро учун нималар ўзгаради?
Қарорнинг устувор йўналиши – инсон манфаатларини таъминлаш. Унинг амалга оширилиши давлат органларига бир хил ҳужжатларни қайта-қайта тақдим этиш заруратини қисқартиради, идоралараро маълумотлар алмашинувини автоматлаштиради, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини тезлаштиради, электрон давлат хизматлари кўламини кенгайтиради ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматларидан фойдаланишни янада содда ва қулай қилади.
«Рақамли ҳокимлик» ва сунъий интеллект: маълумотларга асосланган бошқарув
Қарорнинг устувор йўналишларидан бири замонавий рақамли технологиялар ҳамда маълумотларга асосланган бошқарув тамойилларига таянувчи «Рақамли ҳокимлик» дастурий комплексини жорий этишдан иборат. Унинг амалга оширилиши ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини доимий мониторинг қилиш, геомаълумотлар асосида таҳлил ўтказиш, маҳаллалар кесимидаги муаммоларни тезкор аниқлаш ҳамда сунъий интеллект технологиялари ёрдамида таҳлилий материаллар тайёрлаш имконини беради.
Қарорда давлат бошқарувига сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, интеллектуал таҳлил, автоматик прогнозлаш, рақамли ёрдамчилар, «Ҳокимнинг виртуал ассистенти» ва таҳлилий панеллар (дашбордлар) каби замонавий ечимларни амалиётга татбиқ этиш назарда тутилган. Бу эса давлат органларининг таҳлилий салоҳиятини кенгайтиради, маълумотларга асосланган бошқарув самарадорлигини оширади ҳамда бошқарув қарорларини тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнининг сифати ва тезкорлигини янада юксалтиради.
Киберхавфсизлик – рақамли давлатнинг мустаҳкам пойдевори
Рақамли давлатни барпо этиш ишончли ахборот ва киберхавфсизлик тизимисиз самарали амалга ошмайди. Шу боис Президент қарорида замонавий киберҳимоя воситаларини жорий этиш, маълумотларни шифрлаш, ҳимояланган маълумотларни қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш, хавфсизлик мониторинги тизимларини (SOC) такомиллаштириш, халқаро стандартлар асосида аудит ўтказиш ҳамда шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланган.
Ушбу чора-тадбирлар давлат рақамли инфратузилмасининг барқарорлигини мустаҳкамлайди, давлат ахборот ресурслари ва фуқароларнинг шахсий маълумотлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Давлат маълумотлари – ягона рақамли муҳит сари
Замонавий рақамли давлат бошқарувида маълумотлар стратегик ресурс сифатида қаралади. Шу боис қарорда давлат ахборот тизимларини Ягона интеграциялашган рақамли платформа билан босқичма-босқич интеграция қилиш назарда тутилган.
Бу давлат реестрлари ҳамда турли давлат органларининг ахборот тизимлари ўртасида ягона рақамли муҳитда маълумотлар алмашинувини таъминлайди, маълумотларнинг такрорланишини камайтиради, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва маълумотларга асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш учун мустаҳкам замин яратади.
2028 йилгача қандай натижаларга эришиш кўзда тутилган?
Президент қарорида 2028 йилгача рақамли давлат бошқарувини ривожлантиришнинг аниқ мақсадли йўналишлари белгиланган. Улар давлат органларининг камида 5 мингта маъмурий функциясини рақамлаштириш, давлат ахборот тизимларини Ягона интеграциялашган рақамли платформа билан босқичма-босқич интеграция қилиш, сунъий интеллект асосида рақамли хизматларни жорий этиш, бошқарув қарорларини қўллаб-қувватловчи таҳлилий тизимлардан фойдаланишни кенгайтириш, электрон ҳужжат айланмасини янада такомиллаштириш ҳамда давлат хизматлари сифатини оширишни назарда тутади.
Қарорнинг стратегик ва ҳуқуқий аҳамияти
Президент қарори давлат бошқарувини рақамли трансформация қилишнинг янги босқичига асос солиб, давлат органларининг ўзаро интеграциялашмаган ахборот тизимларидан ягона рақамли экотизимга босқичма-босқич ўтишини назарда тутади. Бундай ёндашув маълумотлар такрорланишини камайтириш, идоралараро ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда маълумотларга асосланган бошқарув тамойилларини изчил жорий этиш учун хизмат қилади.
Ҳуқуқий нуқтаи назардан мазкур қарор давлат ахборот тизимларини бошқаришнинг янги институционал моделини шакллантиради. У давлат ахборот ресурсларини интеграция қилиш, давлат органларининг рақамли ўзаро ҳамкорлиги, маълумотларни қайта ишлаш ва киберхавфсизликни таъминлашнинг ягона ёндашувларини белгилаб, мамлакатда рақамли давлат бошқарувини изчил ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлида муҳим қадам
Рақамли давлатни ривожлантириш нафақат давлат бошқарувини такомиллаштиришга, балки рақамли иқтисодиётнинг институционал асосларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ҳамда БМТ экспертлари таъкидлаганидек, давлат секторида рақамли платформаларни жорий этиш давлат хизматлари сифатини оширади, бошқарув харажатларини оптималлаштиради ва ресурслардан самарали фойдаланиш имконини кенгайтиради.
Шу нуқтаи назардан, Президент қарорида назарда тутилган Ягона интеграциялашган рақамли платформани жорий этиш давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш харажатларини қисқартириш, маълумотларни такроран йиғиш билан боғлиқ ортиқча жараёнларни бартараф этиш, идоралараро автоматлаштирилган ахборот алмашинувини таъминлаш ҳамда маълумотларга асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда GovTech концепцияси давлат бошқарувини рақамли трансформация қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда GovTech экотизимини ривожлантириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда рақамли иқтисодиётнинг институционал пойдеворини мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Халқаро тажриба – рақамли трансформациянинг муҳим йўналиши
Президент қарорида Ягона интеграциялашган рақамли платформани лойиҳалаш босқичининг ўзидаёқ Жаҳон банки билан ҳамкорликда етакчи халқаро консалтинг компанияларини (Big4) жалб этиш назарда тутилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Бу рақамли давлат инфратузилмасини яратишда илғор халқаро тажриба, замонавий архитектуравий ечимлар ва юқори малакали экспертлик салоҳиятига таянишга устувор аҳамият қаратилаётганини кўрсатади.
Қарорнинг ўзида ҳам халқаро тажрибани ўрганишга алоҳида эътибор берилган. Хусусан, уни амалга ошириш механизмларидан бири сифатида хорижий тажрибани, жумладан, Финляндия тажрибасини ўрганиш белгиланган. Бу мамлакатимизда рақамли давлатни ривожлантиришда илғор хорижий ёндашувларни миллий шароит, давлат бошқаруви тизими ва ҳуқуқий муҳит хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда татбиқ этишга устувор аҳамият берилаётганини англатади.
Финляндия инсон манфаатларига йўналтирилган рақамли давлат хизматлари, давлат маълумотларини самарали бошқариш ҳамда рақамли ишонч муҳитини шакллантириш соҳасида жаҳонда етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, Эстониянинг «Once-Only» тамойили, Сингапурнинг «Whole-of-Government» модели ҳамда Корея Республикасининг давлат бошқарувида сунъий интеллект ва рақамли платформаларни кенг қўллаш тажрибаси ҳам халқаро миқёсда муҳим йўналишлар сифатида эътироф этилади. Президент қарорида назарда тутилган чора-тадбирлар ана шу замонавий тенденциялар билан уйғунлик касб этади.
Халқаро рейтинглар нуқтаи назаридан
Қарорда белгиланган вазифалар рақамли давлат бошқарувини баҳолашнинг замонавий халқаро ёндашувлари ва мезонларига мос келади.
Жумладан, БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси (E-Government Development Index – EGDI) мамлакатларни рақамли давлат хизматлари, телекоммуникация инфратузилмаси ва инсон капитали даражаси бўйича баҳолайди. Қарорда назарда тутилган Ягона интеграциялашган рақамли платформани яратиш, давлат хизматларини рақамлаштириш, маълумотлар алмашинувини автоматлаштириш ҳамда электрон хизматлар кўламини кенгайтириш мазкур кўрсаткичларни янада яхшилашга хизмат қилади.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)нинг Digital Government Policy Framework ҳужжати давлат бошқарувида маълумотларга асосланган ёндашув, идоралараро интеграциялашган ҳамкорлик, фойдаланувчи манфаатларига йўналтирилганлик ҳамда рақамли инновацияларни қўллаб-қувватлашни устувор тамойиллар сифатида белгилайди. Қарорда назарда тутилган ягона рақамли платформани яратиш, «Рақамли ҳокимлик» дастурий комплексини жорий этиш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ушбу ёндашувлар билан тўла уйғунлик касб этади.
Шунингдек, Жаҳон банкининг GovTech Maturity Index (GTMI) давлат хизматларини рақамлаштириш даражаси, асосий давлат рақамли платформалари, фуқаролар билан рақамли мулоқот ҳамда GovTech соҳасининг институционал ривожланишини баҳолайди. Қарорда белгиланган чора-тадбирлар мазкур йўналишларни комплекс қамраб олади. Шу нуқтаи назардан, мазкур ҳужжат мамлакатда рақамли трансформациянинг ҳуқуқий ва институционал асосларини янада мустаҳкамлашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг рақамли давлат бошқаруви бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Инсон манфаатлари – рақамли трансформациянинг бош мезони
Мазкур қарорнинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда рақамлаштириш инсон ҳаёти сифатини оширишга хизмат қилувчи муҳим восита сифатида қаралади. Электрон давлат хизматлари кўламини кенгайтириш, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш ҳамда давлат органларига бир хил ҳужжатларни қайта-қайта тақдим этиш заруратини бартараф этиш аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат билан ўзаро муносабатларини янада содда ва қулай қилади.
«Рақамли ҳокимлик» дастурий комплексининг жорий этилиши маҳаллий даражадаги муаммоларни тезкор аниқлаш, ресурсларни янада самарали тақсимлаш ҳамда аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатувчи бошқарув қарорларини маълумотларга асосланган ҳолда қабул қилиш имконини беради. Бу «Инсон қадри учун» тамойилининг амалий ифодасига айланади.
Шу тариқа, қарор давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, рақамли технологиялар аввало инсон манфаатлари ва фаровонлигига хизмат қилишига қаратилган ёндашувни мустаҳкамлайди.
Президентнинг 2026 йил 8 июлдаги «Рақамли ҳукумат» тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатда рақамли давлатнинг замонавий институционал моделини шакллантиришга қаратилган изчил ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Қарорда инсон манфаатлари, маълумотларга асосланган бошқарув, илғор халқаро ёндашувларни миллий шароитга мос татбиқ этиш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш каби устувор йўналишларнинг ўзаро уйғунлиги унинг мамлакатда рақамли давлат бошқарувини ривожлантиришдаги стратегик аҳамиятини яққол намоён этади.
Акрамжон Каримов,
Тошкент давлат юридик университети профессори в.б.