"ADIPEC-2026": Шерзод Хўжаев хорижий ҳамкорлар билан музокаралар ўтказди
Энергетика соҳасида янги инвестициявий имкониятларни ишга солиш, хорижий компаниялар билан технологик шерикликни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик кун тартибида муҳим ўрин тутади.
Айни йўналишдаги мулоқотлар Абу-Дабида ўтказилаётган йирик халқаро анжуман доирасида ҳам давом этмоқда.
Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилаётган мазкур "ADIPEC-2026" халқаро кўргазма ва конференцияси энергетика саноатининг етакчи вакиллари, инвесторлар, халқаро ташкилотлар ҳамда соҳавий компанияларни бир майдонда жамлаган. Унда 170 дан ортиқ мамлакатдан 239 минг нафардан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.
Халқаро кўргазмада 2 минг 260 та компания ўз маҳсулотлари, технологик ечимлари ва истиқболли ишланмаларини тақдим этмоқда. Улар орасида 54 та миллий ва халқаро энергетика компанияси бор. Шунингдек, 30 та миллий павильон орқали турли мамлакатларнинг соҳа салоҳияти ва имкониятлари намойиш этилмоқда.

Анжуманнинг ишбилармонлик дастурида энергетика тизимининг келажаги, таъминот барқарорлиги, инвестициявий ҳамкорлик ва инновацион технологиялардан фойдаланиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро тадбир доирасида энергетика вазири Шерзод Хўжаев БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий, шунингдек, "Masdar", "AMEA Power", "ePointZero" ҳамда "Etihad Water and Electricity" компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотлар давомида энергетика соҳасидаги мавжуд шериклик имкониятларини кенгайтириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва истиқболли йўналишларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Шерзод Хўжаев халқаро анжуман доирасида ташкил этилган вазирлар иштирокидаги давра суҳбатида ҳам қатнашди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА