Фанлар академияси сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланмоқда
Фанлар академияси ва Хитойнинг DeepBlu компанияси ўртасида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорлик ўрнатилмоқда.
Музокараларнинг асосий мавзуси илмий-технологик ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш ҳамда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар асосидаги инновацион ечимларни жорий этиш масалалари бўлди.
Томонлар Фанлар академияси илмий салоҳиятини DeepBlu компаниясининг технологик имкониятлари билан бирлаштириш истиқболларини муҳокама қилиб, қўшма илмий-тадқиқот платформасини ташкил этиш, амалий ишланмаларни ривожлантириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, грант ташаббусларини илгари суриш, академик алмашинувлар, стажировкалар, семинарлар ва халқаро илмий тадбирларни ташкил этиш белгиланди.

Учрашув якунида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва турдош соҳаларда ҳамкорлик қилиш тўғрисида Ниятлар битими имзоланди. Мазкур ҳужжат ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб, аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун асос яратади. Шунингдек, битим илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, инновацион стартапларни ташкил этиш ҳамда илғор технологик ечимларни синовдан ўтказиш ва уларни кейинчалик Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига жорий этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида томонлар қўшма ишчи гуруҳларни шакллантириш, устувор йўналишларни белгилаш ва аниқ лойиҳа таклифларини ишлаб чиқишга киришишни режалаштирмоқда. Мазкур компания билан ҳамкорлик Фанлар академиясининг халқаро илмий-технологик алоқаларини мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларда сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда инновацион ишланмаларни иқтисодиётга трансфер қилиш жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА