Ўзбекистонда биометрик паспортлар хавфсизлиги янада мустаҳкамланди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти Персоналлаштириш маркази делегацияси Канаданинг Монреал шаҳрида жойлашган Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) бош офисига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон фуқароларининг биометрик паспортлари хавфсизлигини таъминловчи рақамли сертификатлар – PKI (Очиқ калитлар инфратузилмаси) ва ICAO PKD (Очиқ калитлар реестри) – муваффақиятли янгиланди.
Бу жараён ICAOning Doc 9303 халқаро стандарти талабларига тўлиқ мос равишда амалга оширилди.
Янгиланган сертификатлар ICAO PKD тизими орқали барча иштирокчи давлатларга юборилди. Бу, ўз навбатида, дунёнинг исталган нуқтасидаги хорижий давлатлар чегара хизматлари томонидан Ўзбекистон фуқароларининг биометрик паспортларини текшириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этади.
Ушбу янгиланиш биометрик паспортлардаги маълумотларнинг яхлитлигини ва халқаро саёҳатлар хавфсизлигини янада самарали таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси ICAO PKD тизимининг фаол иштирокчиси сифатида электрон ҳужжатлар инфратузилмасини такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттиради.
Н.Абдураимова, ЎзА