Ўзбекистонда 262 минг гектар ўрмон ва экотизимни тиклаш режалари ишлаб чиқилди
Ўзбекистонда Президент қарори асосида олти вилоятда экологик мувозанатни тиклашга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар бошланди. Бунинг натижасида 262 минг гектардан зиёд ўрмон ва яйлов ҳудудларида табиий тикланиш, агроўрмончилик ва сув ресурсларини самарали бошқариш ишлари олиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 мартдаги 140-сон қарори ижроси доирасида Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Наманган вилоятларидаги 37 та ўрмон ва 2 та ов хўжалиги ҳудудида лойиҳалаштириш ишлари якунига етди. Баҳолаш жараёнида ўрмон ва ўсимлик қоплами, тупроқ, сув ресурслари, яйловлар, биологик хилма-хиллик ҳамда ердан фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Натижада салкам 262 минг гектар ҳудудда экологик таснифлаш ишлари олиб борилди. Шундан 147 минг гектарда ўрмонларни барпо қилиш ва табиий тикланишга кўмаклашиш режалаштирилган. Қолган майдонларда агроўрмончиликни ривожлантириш, яйлов ва дашт экотизимларини тиклаш, тупроқ деградацияси ва эрозиясини камайтириш ишлари олиб борилади. Шу билан бирга, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда янгича механизмлар татбиқ этилади.
“Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган давра суҳбатида Ўрмон хўжалиги агентлиги, Жаҳон банки, “Яшил лойиҳа" лойиҳалаш институти ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари ва соҳа олимлари томонидан ўтган давр мобайнида қилинган ишлар ва олиб борилган тадқиқотлар натижалари тақдим этилди. Шу билан бирга, келгусида қилинадиган ишлар бўйича ахборот берилди.
–Методологиядан кенг қамровли режага деганимизда ландшафтларни тиклаш услуби назарда тутилади. Фан методологияси бўйича қўлланма тайёр бўлди, чоп этилди ва шу ерда намуна қилиб кўрсатяпмиз, – дейди “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти бошқарма бошлиғи Олимжон Қаҳҳоров. – 2027-2036 йилларга ҳар бир хўжалик кесимида ГЕС платформалар яратилиб, ерлар танланди ва аниқ йўналишлар тасдиқланди. Ушбу ҳудудларнинг экологик ҳолати, биологик хилма-хиллик, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, тупроқ ва иқлим шароитлари, гидрогеология шароитлари, сув ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари, у ердаги мавжуд муаммолар ва аҳолини жалб этишга эътибор қаратилиб, “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институтининг 100 нафардан зиёд мутахассислари жойларда илмий тадқиқотлар олиб борди.
Тадбирда таъкидланганидек, тоғ ва тоғолди ҳудудларидаги ёнбағирларни терраслаш, яъни қияликлар, тепаликларда сув эрозиясининг олдини олиш, тупроқни ҳимоя қилиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш учун сунъий равишда текис майдончалар яратиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари эрозияга қарши курашиш ва сел оқимларини бошқариш, водий ҳудудларида қурғоқчиликка чидамли маҳаллий турларни экиш, қумларни мустаҳкамлаш ҳамда ҳимоя ўрмон полосаларини барпо этиш каби йўналишларда ишлар ташкил этилади.
Методология яратилишида маҳаллий шароитга мос 42 тупдан ортиқ дарахт ва буталар, 25 турдан ортиқ ўт-ўланлардан фойдаланилди ва ижобий хулоса олинди. Тупроқ намлигини сақлаш, сув тежовчи суғориш усуллари ҳамда яйловларда ротацион чорва боқишни йўлга қўйиш масалалари ўрганиб чиқилди. Дарахт ва буталарни қишлоқ хўжалиги экинлари ва доривор ўсимликлар билан уйғунлаштириш лойиҳада кўрсатиб ўтилди. Тавсияларни амалиётга жорий этишда маҳаллий аҳоли ва фермерларнинг иштирокига алоҳида эътибор қаратилади. Ўсимлик қоплами, кўчатларнинг яшовчанлиги ва яйловлар маҳсулдорлигини кузатиш учун масофадан зондлаш, сунъий йўлдош тасвирлари ва дронлардан фойдаланилади.
Тадбир якунида илмий изланишлар натижасида яратилган услубий қўлланма тақдим этилди. Уни тайёрлашда Туркия, Албания, Финляндия, Сербия, Канада ва АҚШ тажрибаси ўрганилгани айтиб ўтилди.
Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев,
ЎзА