Илм-фаннинг даладаги мўъжизаси – меҳнат ва ислоҳотлар натижаси
Менинг ҳам пахта далалари, пахта терими, чопиқ, ягона, чеканка билан боғлиқ хотираларим бор. Тенгдошларимга нисбатан жуссам кичикроқ бўлгани учунми, уларга ўхшаб этак-этак, центнерлаб пахта теролмаган, гектарлаб чопиқ қилолмаган бўлсам-да, жараёнларда қатнашганман. Болалик, ёшлигим билан боғлиқ хотираларимнинг асосий қисми улар.
Ёшим – салкам 40 да. Биласизми, ҳозиргача чала қолиб кетган мактаб дарсликлари, ўқилмай қолган мавзулар, варақланмаган китоб саҳифалари, ўзлаштирилмаган билимлар ҳар қадамимда панд бераётгандек туюлаверади.
Янги ўқув йили бошланиши билан пахта теримига чиқариб юборилган биз ўқувчилар куз охирида мактабга қайтиб, дарсликнинг салкам ярмидан давом эттирардик. Ўқитувчи виждонлироқ бўлсаку майли, бир дарснинг ўзида қолиб кетаётган мавзуларнинг 2-3 тасини қўшиб тушунтиришга ҳаракат қилар, шундай бўлса-да, кимё, физика, математика фанлари барибир ўқувчига мураккаб туюларди. Энди мактаб партасига мослашганимизда ҳаво совиб, аёзли кунлар бошланар, томидан чакки ўтиб турган муздек синфхоналарда ўтириб бўлмай қоларди. Яна дарслар ўлда-жўлда, келган ўқувчидан келмагани кўп. Ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам касал. Баҳор келиши билан яна пахта чопиғи, ягона...
Уйда дарс тайёрлай десанг, чироқ (электр энергияси)нинг бўлмаслиги-ку алоҳида мавзу.
Хуллас, бугун менинг фарзандим пахта теримининг машаққатлари тугул, жараённинг қандай бўлишини ҳам билмайди. Унинг тасаввурида пахта далаларида техникалар ишлайди, пахтани ҳам машина йиғиб-териб олади. Шаҳар боласи шуда, дерсиз. Йўқ, бугун қишлоқда яшайдиганларнинг ҳам болалиги бутунлай бошқача. Бугун уларнинг оналари тонгда далага кетиб, уйига қуёш ботганда чарчаб-ҳориб, чангга ботиб, тер ҳиди анқиб, юзлари қорайиб, қўллари қадоқ ҳолда, елкасига баклажка, нон қолдиқларию, бир нечта рўмол солинган “этак”ни осиб кириб келмайди.
Бугун қишлоқ аёллари ҳомиладор ҳолида оғир дала юмушларини бажармайди. Бугун қишлоқ оналари ҳам фарзандларини чиройли кийинтириб боғчага, мактабга кузатади, иссиқ овқатлар қилиб уларни кутиб олади. Бугун қишлоқ оналари ҳам мамнун ҳолда фарзандларини ўқув марказларига, тўгаракларга, спорт машғулотларига юборади, фарзандининг IELTS, миллий сертификат олганидан фахрланиб юради, муддатидан олдин талаба бўлганини айтиб мақтанади. Қизи ёки ўғлининг нуфузли чет эл университетларига грант асосида ўқишга қабул қилингани, халқаро мусобақаларда ўрин олгани, хорижий компанияда ишлаётгани ва бунга қандай эришгани ҳақида ёшларга маҳорат дарси ўтади.
Бугун қишлоқ аёли оилавий шароитидан келиб чиқиб, соғлиғи кўтарса, далага чиқиб меҳнат қилади, пахта теради. Асло мажбурият ёки қандайдир босим остида эмас. Шунга яраша муносиб ҳақ олади, рўзғорининг кам-кўстига ишлатади, фарзандлари ва ўзининг устини бутлайди. Қозонини қайнатади, ул-бул олиб қишга ғамлайди.
Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Сон эмас, сифат натижа беради. Ҳар бир соҳада бўлганидек, қишлоқ хўжалиги ҳам илмга, инновацион ёндашувларга асосланса, янгиликларга очиқ бўлса, самараси яхши бўлади, улкан марраларга эришилади.

Мамлакатимиз тарихида илк бор 5 миллион тонналик пахта хирмони кўтарилгани фикримизнинг исботи эмасми? Бу, 2025 йил хирмонидан 1 миллион тоннага кўп бўлиб, мустақиллик йилларида қайд этилган рекорд натижа, ҳосилдорлик – гектарига 56,2 центнер дегани.
Президентимизнинг Ўзбекистон деҳқон ва фермерлари ҳамда барча қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида қайд этилганидек, кейинги йилларда тармоқни ўта оғир аҳволдан олиб чиқиш учун чигит экиладиган майдонларни 38 фоизга қисқартириб, пахта монополиясига барҳам берилди. Ўқитувчи, талаба ва ўқувчиларни, бюджет ташкилотлари ходимларини дала ишларига жалб этишга чек қўйилди. Соҳани илм-фан ютуқлари, замонавий агротехнологиялар асосида ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилди.
Сув тежовчи технологиялар кенг жорий этилиши ҳисобидан сув сарфи икки карра камайди. Бу йил экиш схемалари ўзгартирилган, яъни кўчатлар сони 2-3 карра оширилган, кўсак қурти ва гербицидга чидамли янги биотехнологик навлар экилган эди. Ушбу ёндашув ўзини оқлаб, яхши самара берди. Буни қарийб 400 минг гектар ерда ўртача ҳосилдорлик 70 центнерга етгани, салкам 70 минг гектарда 100-110 центнергача ҳосил олингани мисолида кўриш мумкин.
Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази директори Забардаст Бўриевнинг сўзларига кўра, бундай юқори марраларга эришишда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Пахтачилик кенгашининг илмий тавсиялари ва замонавий ёндашувлар муҳим омил бўлди.
– Кенгаш томонидан ишлаб чиқилган қоидалар асосида соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Илгари бир гектар майдонга 80 минг дона атрофида кўчат экилган бўлса, ҳозирги кунда замонавий сеялкалар ёрдамида 76 қўш қаторли схема асосида 240 мингтагача аниқ кўчат экилишига эришилмоқда. Бу, қўл меҳнатидан воз кечиб, ортиқча чигит сарфини камайтириш ҳамда таннархни пасайтириш орқали катта иқтисодий самарадорлик бермоқда, – дейди Забардаст Бўриев. – Кўчат сони кўпайгач, ўсимликнинг ҳаддан ташқари ўсиб кетишининг олди олинади. Махсус препаратлар, жумладан, табиий этилен гормони ҳисобланган этефон ёрдамида пахта қисқа вақт ичида бир текис пишиб етилади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бу жараён ҳосил вазнини камайтирмайди, аксинча, ҳар бир кўсак вазни 6,5 граммдан 8-9 граммгача ортишини таъминлайди. Шунингдек, янги авлод биотехнологик навларига бегона ўтларга чидамли ҳамда кўсак қуртига қарши курашувчи генларнинг киритилиши қўл чопиғидан воз кечиш ва ҳосилни зараркунандалардан 70-100 фоизгача ишончли ҳимоя қилиш имконини берди. Шунингдек, шўрга ва стрессга чидамли навларнинг яратилиши ерларни шўр ювиш учун кетадиган харажатлар ва сув сарфини кескин қисқартирди.

Дарҳақиқат, олдинги агротехнологияларимизда қўл меҳнати жуда кўп эди. Икки-уч марталаб чопиқ, ягона, чеканка қилинарди. Шу жараёнларнинг ўзида ҳам ҳосилдорлик кўп йўқотилган. Шунингдек, пахтанинг ҳақиқий душмани бўлган кўсак қурти сабабли 50 фоизгача, баъзи фермерларимиз 70 фоизгача ҳосилдан айриларди.
Энг қизиғи, деҳқон-фермерлар “пахтани культивация пиширади”, деган фикрда бўлган. Шу сабабли ҳам 8-9 марталаб культивация қилинган. Мутахассиснинг айтишича, ҳар бир культивацияда майда томирлар кесилган. Майда томирлар кесилиши натижасида яна ҳосил йўқотилган. Жўн қилиб айтганда, деҳқон ва техникаси баҳордан то ҳосилни йиғиб-териб олгунча даладан чиқмаган. Топган даромади техникаларнинг сарф-харажати ва ишчилардан ортмаган.
Буни қарангки, бугунги кунга келиб культивация қилинмасдан, фақат баҳор ойида намлик юқори бўлгандагина бир марта “рыхление”, яъни тупроқни юмшатиб, ортиқча сарф-харажатсиз бемалол пахтани пишириб олса, бўлади.
– Ерга ишлов бериш тизими ҳам оптималлаштирилиб, ортиқча культивациялар сони қисқартирилди ва илдиз системаси шикастланишининг олди олинди, – дейди З.Бўриев. – Алоҳида таъкидланадиган яна бир муҳим жиҳат бор. Бу, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини рақамлаштириш, тақсимлаш жараёнларини тўғри ташкил этиш ва майдонларни томчилатиб суғоришга ўтказиш ҳосилдорликни 30-35 центнердан 56 центнерга кўтаришда ҳал қилувчи аҳамият касб этгани.
Ҳосилни қисқа вақт – 30-35 кун ичида териб олишда механизациялашган жараёнларнинг ўрни катта. Бугунги кунда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида пахта ҳосилининг қарийб 100 фоизи, республика бўйлаб эса 70-80 фоизи махсус юқори унумли терим машиналари ёрдамида йиғиб олинаётгани қандай яхши. Механизаторларни моддий рағбатлантириш тизимининг йўлга қўйилгани уларнинг иш унумдорлигини янада ошираётир. Давлатимиз раҳбарининг деҳқон ва кластерларга кўрсатаётган юксак эътибори ва йўллаган табриклари соҳа ходимларига улкан куч-қувват бағишлагани ҳам бор гап.
Амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва фермерларнинг фидокорона меҳнати натижасида биргина жорий йилнинг ўзида деҳқонларимиз қарийб 13-14 триллион сўмлик соф даромад кўриши, келгуси йилда ўртача ҳосилдорликни 65-70 центнерга етказиш кутилмоқда.
Олдинда ҳали вазифалар кўп. Юқори ҳосилдорликни барқарор сақлаш, сув ресурсларини тежаш, маҳсулот сифатини ошириш ва фермер даромадини кафолатлаш бугунги куннинг муҳим талаби.
Ҳар бир гектар ердан кўпроқ ҳосил олиш, ҳар бир томчи сувни тежаш, илм-фанни далага олиб кириш, оғир меҳнатни техника билан енгиллаштириш ва энг муҳими, фермернинг манфаатини таъминлашдек эзгу мақсад кўзланган ишда, албатта, хайр-барака бўлур. Ҳақиқий барака эса уни етиштирган меҳнаткашлар дастурхонида, оиласи фаровонлигида ва шаҳар-у қишлоқларимиз ободлигида ўз аксини топади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА