Иссиқхоналарда сувни тежаш ва ҳосилдорликни оширишнинг илмий ечимлари синалмоқда
"BMB Agro" корхонаси иссиқхоналарида черри помидори, булғор қалампири ва саримсоқпиёз етиштириш бўйича янги агротехнологик синовлар бошланди. "BMB Holding" илмий ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тажрибалар сув ресурсларини тежаш ва ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.
Бу ҳақда корхона матбуот хизмати маълум қилди.
Бугун мазкур иссиқхоналарда черри помидори, булғор қалампири, саримсоқпиёз, карамнинг турли навлари ҳамда бошқа сабзавот экинлари парваришланмоқда. Бу жараён маҳсулот ассортиментини бойитиш билан бирга, бир майдоннинг ўзида турли экинларни етиштириш имкониятларини ўрганишга ҳам йўл очмоқда.
Аслида, иссиқхона хўжалигида экин турларини кўпайтиришнинг ўзи етарли эмас. Ҳар бир ўсимликнинг биологик хусусиятлари, ўсиш шароити, парваришлаш талаблари ва ҳосилдорлик имкониятларини чуқур ўрганиш талаб этилади. Акс ҳолда, янги йўналишдан кутилаётган иқтисодий самарага эришиш қийинлашади.
Шу боис “BMB Agro” мутахассислари бу ишларни “BMB Holding” тизимидаги илмий ходимлар билан ҳамкорликда амалга оширмоқда. Мутахассислар турли экинларнинг ривожланиш жараёнларини кузатмоқда. Ушбу кузатувлар асосида экинларни етиштиришнинг энг мақбул усулларини аниқлаш бўйича синов-тажрибалар ўтказилмоқда. Бунда назарий билимларни бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бу ёндашувнинг аҳамияти шундаки, илмий кузатувлар орқали муайян экин учун қайси агротехник усул самарали эканини аниқлаш мумкин. Олинган натижалар эса келгусида ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу парваришлаш харажатларини мақбуллаштириш ва ҳосилдорликни ошириш учун асос бўлади.
Айниқса, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш масаласи мамлакатимизда юритилаётган изчил аграр сиёсат ва ишлаб чиқариш амалиётида долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки сув таъминотидаги ҳар қандай узилиш ёки ортиқча сарф нафақат харажатларга, балки етиштирилаётган маҳсулот ҳажми ва сифатига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, “BMB Agro” иссиқхоналарида ресурсларни оқилона бошқаришга қаратилган тажрибалар муҳим аҳамиятга эга.
Замонавий иссиқхона хўжалиги учун ер, сув ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш ўзаро боғлиқ вазифалардир. Экинларни илмий асосда жойлаштириш, уларнинг парваришини тўғри ташкил этиш ва ишлаб чиқариш жараёнини мунтазам таҳлил қилиш иқтисодий натижадорликка бевосита таъсир қилади. Шунинг учун ҳар бир янги экин тури нафақат агрономик, балки иқтисодий нуқтаи назардан ҳам баҳоланиши лозим.
“BMB Agro”да олиб борилаётган тажрибаларнинг истиқболли жиҳати ҳам шунда. Бир томондан, маҳсулот турларини кўпайтириш орқали корхонанинг бозор имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган. Иккинчи томондан, илмий изланишлар асосида ресурс сарфини камайтириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга замин яратилмоқда.

Албатта, ҳар қандай агроинновациянинг ҳақиқий қиймати унинг амалиётда берган натижаси билан белгиланади. Шу боис бугунги синовларнинг самарадорлигини ҳосилдорлик, маҳсулот сифати, сув сарфи ва иқтисодий кўрсаткичлар асосида баҳолаш муҳимдир. Бундай таҳлил келгусида қайси технологияларни кенг жорий этиш мақсадга мувофиқлигини белгилаб беради.
Қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликка эришиш учун фақат мавжуд имкониятлардан фойдаланиш эмас, уларни янги билим ва технологиялар билан бойитиб бориш ҳам зарур. “BMB Agro” иссиқхоналарида йўлга қўйилган тажрибалар ана шу мақсадга қаратилгани билан эътиборлидир. Зеро, бугун илмий изланиш ва амалий тажрибага таянган ҳар бир ташаббус эртанги ишлаб чиқариш самарадорлигининг муҳим омилига айланиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири