Ўзбекистон халқига эътибор: эътироф ва эҳтиром
Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат тарғиботчилари” жамияти ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилган маънавий-маърифий кеча “Маърифат элчилари” лойиҳаси доирасида ўтказилди. Ижтимоий-сиёсий фанлар доктори, профессор, асли Туркиялик Камел Явуз Атаманнинг “Мен таниган Ўзбекистон” китобининг тақдимотида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, олимлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик иштирок этди. Райҳоннинг муаттар ислари уфуриб турган кечада Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазаллари билан ижро этилган қўшиқлар кўнгилларни мафтун этди.
Бир замонлар венгер шарқшуноси, туркологи, саёҳатчи ва сиёсатчиси Ҳерман Вамбери рўдапо кийинган дарвиш қиёфасида савдо карвонларига осилганча Марказий Осиёнинг у томонидан кириб бу томонидан чиққан. У саёҳат давомида аҳолининг ижтимоий ва сиёсий муносабатлари, урф-одат ва қадриятлари, айниқса, жуғрофиясини муфассал ўрганди, Марказий Осиё тарихига оид ёзма манбалар билан қизиқди. Гап шундаки, унинг саёҳат хотиралари билан боғлиқ асари, ҳикоя ва мақолалари халқимизнинг бир қадар тўсиқ ортида сақланган ҳаёт тарзи билан бутун дунёни таништирибгина қолмай, жўғрофий объектлар хусусида ҳам маълумотлар берди. Таъбир жоиз бўлса, бу улкан хизматга ҳурмат натижаси ўлароқ саёҳатчини Англия қироличаси Виктория муҳташам саройида қабул қилди.
Орадан бир ярим асрдан ошиқроқ вақт ўтди. XXI асрнинг долғали даври бошланди. Ижтимоий-сиёсий фанлар доктори, профессор, асли Туркиялик Камел Явуз Атаман эса мамлакатимиз тарихи, урф-одатлари, қадриятларини аллақандай дарвиш либосида пинҳона эмас, балки очиқ диллик билан чуқурроқ ўрганишга, таҳлил қилишга аҳд қилди. Ошнинг хушбўй зирваги иси анқийдиган ўзбекона файзаёб маҳаллалар, танбур нолалари янграб турадиган гузарлар, беданалар питбилдиғи ҳузур бағишлайдиган чойхоналарда замондошларимиз билан бир пиёла иссиқ чой устида қурилган суҳбатлар, карнай-сурнай садоларисиз ўтмайдиган бешик, хатна, никоҳ тўйлари азиз меҳмоннинг қалбини тўлқинлантирди.
Интеллектуал тараққиётнинг буҳронларидан чўчимай, кўкрак керганча дунёнинг бир неча тилларида эркин сўзлаша оладиган, илмий тадқиқотлар олиб борадиган, дунёнинг энг илғор нанотехнологияларини бошқара олиш қобилияти ва салоҳиятига эга ёшлар давралари уни ҳайратлар оламига етаклади.
Мамлакатимизда шаҳарсозлик ва бунёдкорлик режаларининг ақл ва салоҳият билан тузилаётганлиги, аҳолининг уй-жойга эҳтиёжи баландлиги, бандлик сиёсати ҳамда даромадлар тақсимотида Амир Темур янглиғ адолат билан иш кўрилаётганлигини ён дафтарларида қайд этиб борди.
Ўзбекистонда мультипликатор ва акселератор (кўпайтирувчи ва тезлаштирувчи) омиллар иқтисодиётни ҳаракатга келтираётганини дўстона қалб билан кўра олди. Бу мамлакат аҳолиси учун янгидан-янги уфқларни очаётганлиги, жамиятда дадиллик кузатилиб, жадал тараққиёт йўлига кирилаётганлиги олимнинг эътирофига сазовор бўлди.
Инсоннинг яралмиши шундай: олам кезиб қалбида кечган саволларига жўяли жавоб тополса, кўрганлари, билганлари, англаганлари хусусида қоғозга туширмоқни истаб қолади. XXI аср тараққиётини ақл кўзи билан таҳлил қилган Камел Явуз Атаманда ҳам шундай кечди. Ўзбекистон халқи ҳамда унинг донишманд сардори бошчилигида олиб борилаётган янгиланишлар хусусида алоҳида китоб битмоқ нияти пайдо бўлди.
Унинг бунга маънавий ҳаққи бор эди. Олим “Глобаллашувнинг ижтимоий-маданий тафаккур тузилиши” мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Глобаллашув ва Мовароуннаҳрдаги Ислом цивилизацияси соҳаларидаги тадқиқотлари эса ҳамон давом этмоқда. Қусам ибн Аббос, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Мавлоно Жалолиддин Румий, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Сулаймон Ҳаким ота, Юсуф Хос Ҳожиб, Абдулҳасан Нурий сингари буюк намояндалар, жадид ҳаракати фаолияти ҳақида маърузалари, мақолалари ва тадқиқотларининг мавжудлиги олимга куч бағишлади. Олимнинг маънан, руҳан халқимиз билан якдиллиги бу йўлда асос вазифасини бажарди.
Шундай одамлар борки ўзга мамлакат эмас ўз мамлакати тарихини билмайди ёки билишни истамайди. Олим асарни ёзишга киришар экан Ўзбекистонни чинакамига таниш учун иккита асосий мезонни белгилади: тарихни чуқур англаш; замонни тўғри кўра билиш ва идрок этиш.
Икки қисмдан иборат асарнинг биринчи бўлаги “Ота маконим, ҳасратларим ва дийдорлашув” деб номланади. Унда “Саёҳатларим”, “Шаҳарлар мамлакат кўзгуси”, “Олимлар, сўфийлар макони ва асарлар маҳзани”, “Ислом цивилизацияси ва маърифат маркази” деб номланган бадиий эсселар жамланган.
“Саёҳатларим”... Ёзмиши гўзалми ёки таржимон қалби шу қадар чўғлими? “Бир вақтлар зулм ва мустамлака асоратига маҳкум этилган, темир пардалар ортидаги эшиклари қулф бўлган Туркистон диёрининг – ота маконимизнинг ўша аянчли аҳволи қалбимизни ўртар ва бағримизни қон қиларди. У ердан аранг етиб келган тарқоқ ва чала-чулпа хабарларни бўлса ҳам излар, оғиздан-оғизга ўтиб юрган ривоятларнинг ортидан қувардик. Муқаддас ота маконимизга ва у ерда яшаётган қондошларимизга қачонлардир етишишни, олий висол кунларини интизорлик билан кутардик. Энг оташин туйғуларга йуғрилган шеърларни ўқир, маҳзун наволарни тинглар, хушхабар илинжида кўзларимизни тўрт қилиб, мунаввар Туркистон уфқларидан қуёш балқадиган тонгларни ва тонг юлдузлари чиқишини пойлардик”. Бу дард ва ҳасрат бундан ўттиз беш йил олдинги армонларимиз, ҳасратидан чанг чиққан нидоларимизга нақадар уйғун. Бу фақат бизнинг эмас туркийларнинг аламли фарёдлари эмасмиди? Демак, бу битикларни қоғозга туширган муаллиф бегона эмас. Балки улкан чинорнинг томиридан тарқалган қавмдошимиз.
Асарнинг “Анадўлу халқи ва Туркистон севгиси”, “Салжуқийлар ҳамда Усмонлилар тупроқларида Бухорий, Самарқандий, Балхий ва Хоразмийлар”, “Омон айрилиқ, ёмон айрилиқ” каби эсселарни қароқларда кўз ёш айланмай ўқиш мушкул. Уларда занжирбанд Туркистон халқларининг оҳу ноласи қулоқларингизга чалингандек бўлади. “Бизнинг қадриятлар оламимизда Маккаи Мукаррама, Мадина Мунаввара ва Қуддусу Шариф қанчалар муқаддас саналса, уларнинг узвий давоми ўлароқ Самарқанд ва Бухоро шонли занжирнинг энг муҳим халқалари сифатида тилга олинарди. ...Биз Туркистон заминида рўй берган тарихий воқеаларни гўдаклик чоғимиздан бошлаб эшитиб катта бўлдик. Хожа Аҳмад Яссавий нафаси, Абдулкарим Сотуқ Буғрахон жасорати, Эргенекўндан чиққан афсонавий Кўк бўрилар ва Алп Эр Тўнга достонлари қулоғимизга муттасил қуйиб келинди”.
Асардан жой олган “Дийдорлашув қувончи ва истиқлол хушхабари”, “Дийдор”, “Зулм мангу бўлолмас” сингари эсселарни ўқиган китобхонда аждодларнинг ҳурлик насимлари билан боғлиқ асрий орзуларининг мустажоби акс-садолари жаранглаётгандек тасаввур уйғонади.
“Янги Ўзбекистон қиёфаси” деб ном берилган иккинчи қисмдан жой олган эсселар “Мовароуннаҳр: тупроқ – барака, сув – раҳмат” мавзуси билан бошланади. “Бу заминда оғир зулмлар, босқинлар, истилолар, тазйиқлар, чексиз азоб-уқубатлар ва йўқчиликлар бошдан кечирилди, аммо барибир дарёлар ўзининг баракали ўзанларига, дарё сувлари эса ўз ўрнига қайтди. Уруғлар ёрилиб, ниҳоллар кўкара бошлади, улкан чинорлар қайтадан бўй чўзмоқда. Табиат қонуни шуки, дарёларни асло ортга оқизиб бўлмайди. Худди шунингдек, миллатларнинг ҳам эртами-кечми ўз аслига, ўз илдизларига қайтиши муқаррар бўлиб, бу илмий, тарихий ва ижтимоий ҳақиқатдир. Янги Ўзбекистон Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразм заминида юксалган ўша буюк маданиятнинг муносиб давомчиси бўлишга қатъий аҳд қилган, бу борада қарор қабул қилиб бўлган. Бунинг учун бугун тинимсиз меҳнат қилмоқда, ўз мақсадлари сари дадил одимлаб, бир маромда юксалмоқда”.
Ўзбекистонда транспорт ва коммуникация имкониятларининг кенгайиши, интернетнинг оммалашиши, туризмнинг ривожланиши ҳамда янги иш ўринларининг яратилиши, жамиятнинг моддий жиҳатдан юксалаётганлиги олимнинг диққат марказида бўлган. Хусусан, шўролар тузумидан қолган турғун ва оғир тузилмадан мамлакатимиз бутунлай фориғ бўлгани, Ғарб давлатлари билан бир қаторда географик яқинлик омили туфайли Хитойдаги технологик ва иқтисодий ўзгаришларнинг ҳам бизга ижобий таъсир кўрсатаётгани, давлат сармоя тузилмалари ва бошқа соҳаларда миллий манфаатларини биринчи ўринга қўяётгани, инвестициялар борасида динамик қарорлар қабул қилиш ва уларни ижро этиш механизмини шакллантира олгани муаллифнинг ҳайратини оширгани асарда яққол намоён бўлган.
Инчунун, “Кучли стратегия” деб номланган эссени ўқир эканман қуйидаги сатрлар қароқларимга қувонч ёшларини жойлади. “Ушбу ажойиб манзаранинг ортида тарихий субъектларни, воқеа-ҳодисалар ва геосиёсий воқеликни жуда тўғри таҳлил қила оладиган, ўзининг қатъий стратегик режасига эга ва пойдевори бақувват давлат сиёсати тургани кўринади. Давлат раҳбари муҳтарам Шавкат Мирзиёев кучли бир стратег сифатида ўз халқини, миллатини, илм-фан аҳли ва бизнес оламини, маҳалла ва шаҳарларни энг майда деталларигача жуда яхши таниши аён бўлмоқда”, деб эътироф этади муаллиф.
Олим Ўзбекистон сарҳадлари бўйлаб кезар экан Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси каби муаззам кошоналарнинг ҳар бир жиҳати, ҳар бир детали жуда чуқур ўйлангани, ҳисоб-китоб қилингани ва қайта тикланаётган тарихий обидалар Янги Ўзбекистонимизнинг тафаккур дунёсини ҳамда келажак йўл харитасини аниқ-тиниқ кўрсатиб турганини қайд этади. Шу билан бирга ўтмишда оғир синовлар, қийинчиликларни бошидан кечирган ва турли тазйиқларга дучор бўлган давлатнинг ўз жуғрофий, тарихий, моддий ва маънавий бойлигини асраб қолиш, ҳам глобал ўзгаришлар қаршисида қудратли рефлекс шакллантириб, юксак натижа кўрсата олиш буюк муваффақият ва тарихий ғалаба ҳисобланиб, бунга эришмоқ учун Ўзбекистонда ақлли, мантиқли, режали ва дастурли сиёсий ирода мавжудлигини алоҳида таъкидлайди. Бу олимнинг юртимизга бўлган ғоят юксак эҳтиромидан далолат беради. Камел Явуз Атаманнинг “Мен таниган Ўзбекистон” асари Янги Ўзбекистон ғояси ва назариясининг маънавий тарғиботи сифатида ҳам қадрлидир.
Гулжахон Мардонова, филология фанлари доктори,
"Маърифат таргиботчилари" жамияти аъзоси,ЎзА