Париждаги халқаро минбарда ўзбекистонлик педагог
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Таълимда сунъий интеллектдан фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётган бугунги кунда мазкур технологияларнинг ўқитувчи фаолиятига таъсири, педагогнинг ўқув жараёнидаги ўрни ва инсон омилининг аҳамияти халқаро таълим кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланди.
Жорий йилнинг 8–11 сентябрь кунлари Франциянинг Париж шаҳрида «Сунъий интеллект даврида таълим: Фактлар, муаммолар, янги уфқлар» мавзусида UNESCO Рақамли таълим ҳафталиги – 2026 тадбири бўлиб ўтди.
[gallery-31547]
Нуфузли анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан педагоглар, экспертлар ва таълим соҳаси вакиллари иштирок этди. Унда сунъий интеллектнинг таълимдаги имкониятлари, ушбу технологияларни жорий этиш жараёнида юзага келаётган муаммолар, шунингдек, улардан ўқув жараёнида самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Эътиборлиси, 15 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур тадбир тарихида илк бор мактаб ўқитувчилари таълим вазирлари билан бир қаторда панель сессияларида иштирок этди.
Ана шундай нуфузли халқаро минбарда Термиз шаҳридаги Президент мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Дурдона Бойназарова ҳам сўзга чиқди.
У ўз нутқида сунъий интеллект таълим жараёнига тобора чуқур кириб келаётган шароитда ўқитувчининг тажрибаси ва педагогик ёндашуви алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Янги технологиялар таълим олиш имкониятларини кенгайтириши мумкин. Бироқ бунда ўқувчининг мустақил фикрлаши, ижодий ёндашуви ва устоз-шогирд муносабатларини асраб-авайлаш муҳим экани қайд этилди.
Дурдона Бойназарованинг Париждаги иштироки Ўзбекистон мактаб педагогларининг халқаро таълим майдонидаги фаол иштирокининг яна бир намунаси бўлди. У анжуман доирасида нафақат ўз таълим муассасаси ва мамлакатимиздаги тажриба, балки замонавий таълим олдида турган умумий масалалар юзасидан ҳам педагог нуқтаи назарини халқаро аудиторияга тақдим этди.
Айни пайтда Дурдона Бойназарова Термиз шаҳридаги Президент мактабида фаолият юритмоқда. У республика ва халқаро миқёсдаги қатор танловларда ғолибликни қўлга киритган. Унинг шогирдлари ҳам фан олимпиадаларининг вилоят ва республика босқичларида муносиб натижаларни қайд этиб келмоқда.
Париждаги мулоқотлар замонавий таълимнинг янги технологик босқичида ҳам педагогнинг овози, тажрибаси ва касбий қарашлари муҳим ўрин тутишини яна бир бор намоён этди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА