Ўзбекистон халқаро таълимни баҳолаш ташкилоти аъзосига айланди
Ўзбекистон таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим босқичига қадам қўйди. Абдулла Авлоний номли Педагогик маҳорат миллий институти Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) Бош Ассамблеяси аъзолигига қабул қилинди.
Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилган. Қарор Варшавада ўтаётган IEA БА 67-сессиясида тасдиқланган. Мамлакатимиз номидан институт ректори Абдували Исмоилов расмий вакил сифатида белгиланди.

Ўзбекистон IEA билан ҳамкорлик доирасида 2021 йилдан буён PIRLS, TIMSS, REDS каби халқаро тадқиқотларда иштирок этиб келмоқда.Тўлақонли аъзолик юртимизга қарор қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этиш имконини беради.

Варшава сессиясида диёримиз таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамиятга тақдим этилди. Хусусан, педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланиши, мактаб раҳбарларини тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишлари, шунингдек PISA, PIRLS, TIMSS ва TALIS дастурларидаги иштирок натижалари хусусида маълумот берилди.

IEA ижрочи директори Дирк Хастедт вакилларимизни янги мақом билан қутлаб, республикамизнинг халқаро тадқиқотлардаги иштироки ташкилот фаолиятига сезиларли ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг IEA Бош Ассамблеясига аъзо бўлиши масаласи 2023 йил кўтарилган. Жорий йил ташкилий тартиб-таомилдан сўнг масала БА муҳокамасига олиб чиқилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА