Ўзбекистон халқ рассоми Анвар Раҳматуллаев ижодига назар
Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Ўзбекистон халқ рассоми, Давлат мукофоти лауреати Анвар Раҳматуллаев таваллудининг 90 йиллигига бағишланган ретроспектив кўргазма очилди.
Мазкур кўргазма миллий тасвирий санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган, ўзига хос ижодий услуби ва монументал асарлари билан санъат ихлосмандлари эътирофига сазовор бўлган ижодкорнинг бой бадиий меросини кенг жамоатчиликка намоён этишга қаратилган.
Анвар Раҳматуллаев 1936 йил 5 майда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида таваллуд топган. Унинг болалик йиллари Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келган. Мактабда таҳсил олаётган кезларида Ўзбекистонга эвакуация қилинган синфдоши В.Лопаев таъсирида тасвирий санъатга қизиқиш уйғонган. Кейинчалик бу қизиқиш унинг ҳаёт йўли ва касб танлашини белгилаб берган.
Ижодкор 1957–1965 йилларда Тошкент чинни заводида ҳайкалтарош-моделчи сифатида фаолият юритиб, кейинчалик ишлаб чиқариш жараёнига раҳбарлик қилган. 1965 йилдан Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси ҳузуридаги «Рассом» республика бадиий ишлаб чиқариш комбинатида меҳнат фаолиятини давом эттирган. Дастлаб ҳайкалтарош, сўнгра ҳайкалтарошлик цехи бошлиғи ва комбинатнинг мазкур йўналиш бўйича раҳбари лавозимларида ишлаган.
Анвар Раҳматуллаевнинг касбий маҳорати, ташкилотчилик қобилияти, шаҳарсозлик ва монументал санъат соҳасида тўплаган тажрибаси унинг кейинги фаолиятида ҳам муҳим ўрин тутган. У 1972–1987 йилларда Тошкент шаҳрининг бош рассоми лавозимида ишлаб, пойтахтнинг меъморий-бадиий қиёфасини шакллантириш, ташқи рекламани тартибга солиш, монументал ёдгорликлар ва мемориал мажмуалар яратиш жараёнларида фаол иштирок этган.
Рассом ижоди пластик ифоданинг бойлиги, композицион ечимларнинг мукаммаллиги, бадиий образлар руҳиятини очиб беришдаги ўзига хос ёндашуви билан ажралиб туради. У ўз асарларида инсон ва тарих, миллий қадриятлар ҳамда замон руҳини теран бадиий талқин этишга интилган.
Айниқса, ижодкорнинг ҳайкалтарошлик асарларини атрофдаги меъморий муҳит билан уйғунлаштириш, материалнинг табиий хусусиятларидан маҳорат билан фойдаланиш қобилияти эътиборга молик. Унинг монументал асарларида шакл ва ҳажм мутаносиблиги, бадиий ифода ҳамда маънавий мазмун ўзаро уйғунлашган.
Санъатшунослик фанлари номзоди Руслан Иргашевнинг таъкидлашича, Анвар Раҳматуллаев асарларининг ўзига хослиги ташқи дабдабадорликда эмас, балки бадиий образлар характерини нозик ҳис этиш ва уларнинг ички моҳиятини теран очиб беришда намоён бўлади.
Кўргазма экспозициясидан санъаткорнинг турли йиллардаги ижодий изланишлари, услубий шаклланиши ва касбий камолот босқичларини акс эттирувчи асарлар ўрин олган.
Тошкентдаги Муҳаммад ал-Хоразмий ҳайкали, пойтахт ва Нукус шаҳарларидаги Мирзо Улуғбек ёдгорликлари, Термиздаги «Алпомиш» монументал-ҳайкалтарошлик композицияси Анвар Раҳматуллаев ижодининг йирик намуналаридандир. Мазкур обидалар шаҳарлар меъморий қиёфасининг муҳим таркибий қисми бўлиш билан бирга, халқимизнинг бой тарихи, илм-фан равнақи ва қаҳрамонлик анъаналарини ўзида мужассам этган.
[gallery-32727]
Шунингдек, экспозицияда мемориал мажмуаларга оид ижод намуналари ҳамда муаллифнинг шахсий тўпламида сақланаётган дастгоҳли асарлар ҳам намойиш этилмоқда. Улар томошабинларга рассомнинг монументал ҳайкалтарошлик билан бир қаторда, дастгоҳли санъатдаги бадиий қарашлари, мавзу ва образлар танлашдаги ўзига хос ёндашуви билан яқиндан танишиш имконини беради.
Ушбу кўргазма Анвар Раҳматуллаевнинг серқирра истеъдоди ва ижодий меросини яхлит намоён этиши, унинг ўзбек тасвирий санъати тараққиётидаги ўрнини чуқурроқ англашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бундай маданий-маърифий тадбирлар ёш авлоднинг миллий санъатимиз тарихига қизиқишини ошириш, устоз ижодкорлар меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш, бадиий анъаналар давомийлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Кўргазма 20 декабрга қадар давом этади.
Камола ЮСУПОВА,
Ойбек ПАРДАЕВ (сурат), ЎзА