Маърифий ташаббуслар йўлида бир уйғоқ зиёли минг қалбни ёритади
Ёшларни илмга ва ватанпарварликка чорламоқчи бўлган зиёли аввало ўзи уйғоқ бўлиши шарт. Беҳбудий, Фитрат, Авлоний ва уларнинг сафдошлари тарбияни миллатнинг яшаш ёки йўқолиш масаласи деб билган.
Уларни тарих хотирасида тирик сақлаб қолган нарса баландпарвоз шиорлар эмас, шахсий намуна ва ҳаётий журъат эди. Бугунги маърифий муҳит ҳам айни шу мезон олдида турибди.
Ўтган ойларда мамлакатнинг барча ҳудудлари ва Тошкент шаҳрида Зиёлилар кенгаши мулоқотлари ўтказилди. Уларда икки мингдан ортиқ зиёли иштирок этиб, мингга яқин таклиф билдирди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эса кенгашнинг республика йиғилиши ўтказилди. Унда еттита шўъба ишлаб, ўзбек тили, миллий тарбия, рақамли тараққиёт, таълим ва тиббиёт каби йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Рақамлар салмоқли, аммо уларнинг ўзи ҳали натижа дегани эмас. Жамиятда фаол зиёлилар кўплиги қувонарли, лекин катта куч фақат ҳар бир мутахассиснинг қўлидан нима иш келишини аниқ билиб, уни ўз ўрнига қўйгандагина самара беради. Қайсидир олим ёки ижодкорнинг салоҳиятини била туриб, ундан юрт ва ёшлар манфаати йўлида фойдаланмаслик шунчаки сусткашлик эмас — ўз имкониятимизга нисбатан масъулиятсизликдир.
Таклиф қоғозда эмас, ҳаётда туғилади
Мулоқотларда ўртага ташланган ташаббуслар ҳақиқий зиёлининг нигоҳи қаерга қараганини кўрсатади. У иш кабинетидан кўринмайдиган ҳаётий дардни илғайди.
Масалан, туғруқхона ва оилавий поликлиникалар орқали ҳар бир чақалоқ оиласига «Илк китобим» тўпламини совға қилиш таклифини олайлик. Бу оддий эсдалик эмас. Ёш ота-она фарзандини бағрига олган илк кунларданоқ уйига китоб кириб келади. Мутолаа маданияти боланинг ҳаётига мактаб остонасидан эмас, бешик ёнидан бошланади.
Олис чўл ҳудудларидаги ўқувчиси кам мактаблар учун масофавий таянч мактаб моделини жорий этиш ташаббуси эса яна бир оғриқли воқеликка ишора қилади. Беш-олти бола ўқийдиган чекка овул мактабида физика ёки инглиз тили ўқитувчиси бўлмаслиги мумкин. У ердаги болалар тенгдошларидан қолишмайдиган даражада истеъдодли, фақат уларни етаклайдиган устоз етишмайди. Бундай аниқ муаммо ва ечимни пойтахтда ўтириб эмас, ўша овулда яшаб, болаларга дарс берган муаллимгина кўра олади.
Аслида зиёлининг жамият олдидаги вазифаси ҳам шунда. Умумий норозилик ёки баланд шиор билан чекланмай, аниқ инсон тақдири ва амалий ечимни ўртага қўйиш. Бунинг учун воқеа ва ижтимоий жараёнларнинг ички моҳиятини чуқур англаб, уни одамларга тушунарли тилда етказиш маҳорати талаб этилади. Президентимиз зиёлилар фаолиятида хўжакўрсин, тадбирбозлик ва сусткашликка йўл қўйиб бўлмаслигини бир неча бор таъкидлаганининг туб сабаби ҳам шу. Муаммонинг илдизини кўрмай туриб, унга принципиал ечим топиб бўлмайди.
Ташаббус қоғоздан ҳаётга кўчганда
Маълум сабабларга кўра мулоқот майдонида бевосита қатнаша олмаган бўлсам-да, етти шўъбадаги баҳс ва таклифларни диққат билан кузатиб бордим. Улар орасида оддий одамларнинг кундалик ҳаёти ва миллий тафаккур келажагига бевосита дахлдор бир неча йўналиш алоҳида ажралиб туради.
Аввало, давлат тилида илмий ва бадиий адабиётлар яратишни рағбатлантириш ҳамда ҳудудлардаги кутубхоналар фаолиятини қайта тиклаб, моддий қўллаб-қувватлаш таклифи муҳим. Чунки туман ёки қишлоқда ишлаб турган жонли кутубхона — оддий бино эмас, ёшларнинг бўш вақти ва дунёқараши шаклланадиган маскан. Шу билан бирга, тарихий хотирани асраш, Мовароуннаҳр алломалари меросини замонавий талқинда халқаро майдонга олиб чиқиш ташаббуси миллий ўзликни ўтмиш билан фахрланиш доирасидан чиқариб, дунё билан тенг мулоқот воситасига айлантиришга хизмат қилади.
Рақамли тараққиёт ва замонавий медиамакон шўъбасида кўтарилган масалалар эса бугун ҳар бир хонадонга смартфон орқали кириб келган реаллик билан боғлиқ. Ахборот маконида миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, рақамли саводхонликни ошириш, сифатли, таҳлилий ва маърифий миллий контент улушини кўпайтириш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан таълим ҳамда маданият соҳаларида оқилона фойдаланиш бугунги авлод тарбиясида кечиктириб бўлмайдиган шартлардир.
Насиҳат эмас, намуна
Психологиядаги ижтимоий ўрганиш назарияси инсон эшитганидан кўра кўпроқ кузатганидан сабоқ олишини тасдиқлайди. Ёшлар ҳам зиёлининг баланд минбардаги сўзига эмас, хатти-ҳаракати ва муносабатига қарайди. Буни ўн йиллик педагогик тажрибамдаги бир воқеа яна бир бор эсга солади.
Кузнинг салқин тонгларидан бирида қўлимда Навоий ғазалларининг араб имлосидаги эски тошбосма нусхаси солинган жилд билан аудитория томон борардим. Иккинчи қават деразаси олдида елкалари чўккан, хаёлга чўмиб турган иккинчи курс талабаси Сардорга кўзим тушди. У билимдон йигит эди, аммо кўпчилик олдида фикрини айтишга келганда тортиниб, сўзи бўғзига тиқилиб қолар, кўпинча сукутни афзал кўрарди.
Дарс мавзуси нутқ маданиятининг нозик қирраси — сўзнинг ботиний маъносини англаш, яъни герменевтик таҳлил ва унинг эски ўзбек ёзувидаги ифодаси эди. Ёзув тахтасига араб имлосида бир байт ёзиб, унинг зоҳирий маъносидан ташқари шоир дилидаги дардни шарҳлаб беришни сўрадим.
Аудитория жим бўлиб қолди. Ҳамма дафтарига тикилган. Орқа қатордаги Сардор қаламини асабий айлантирар, гапиришга чоғланиб, яна иккиланиб тўхтаб қоларди. Унинг юзида хато ўқиб қўйиш ва тутилиб қолиш ҳадиги яққол сезиларди.
Одатдагидек «қўрқманг, хато қилиш айб эмас» деб насиҳат қилиш осон эди. Аммо қўрқувни панд билан эмас, жонли ҳаракат ва ишонч билан енгиш мумкин. Ёзув тахтасидан узоқлашиб, тўғри Сардорнинг ёнидаги бўш ўриндиққа ўтирдим. Қўлимдаги эски тошбосма китобни унинг олдига қўйдим-да, ҳарфларни бармоғим билан кўрсатиб, атайлаб секин ва бир оз тутилиб ўқий бошладим. Бир сўз устида тўхтадим.
— Мана бу ердаги нуқталар ўчиб кетибди, — дедим паст овозда, худди ёрдам сўраётгандек. — Сардор, ёшларнинг кўзи ўткир бўлади, қаранг-чи, бу «бо» ҳарфими ёки «нун»ми?
Профессорнинг минбардан тушиб, ёнига ўтириши ва маслаҳат сўраши Сардорни аввалига довдиратиб қўйди. Сўнг у беихтиёр китобга энгашди.
— Домла, мана бу илгагига қараганда, бу «бо» эмас, «йо» ҳарфига ўхшайди. Шунда сўз «биёбон» бўлиб ўқилади, — деди у бир оз титроқ овозда.
— Яшанг! — дедим китобни унга яқинроқ суриб. — Демак, шоир саҳрони назарда тутяпти. Энди ўзингизни ўша саҳрода ёлғиз қолган йўловчи деб тасаввур қилинг. Бу байт сизга нима деяпти? Менга эмас, мана шу китобдаги муаллифга жавоб беринг.
Жим қолдим. Сардор саҳифага тикилганча аввал паст овозда, сўнг тобора дадил гапира бошлади. Энди у аудиториядаги ўттиз жуфт кўздан ҳам, устоз нигоҳидан ҳам чўчимас — қаршисидаги қадимий матн билан суҳбатлашаётган эди. Байтдаги «саҳро» аслида инсоннинг ўз нафси ва ёлғизлиги эканини шу қадар теран таҳлил қилдики, хонадагилар нафас ютиб тинглади.
У гапини тугатгач, ортиқча мақтов ҳам, насиҳат ҳам айтмадим. Фақат тошбосма китобни унга узатиб:
— Кейинги саҳифасини уйда кўриб чиқарсиз, келаси дарсни сизнинг таҳлилингиз билан бошлаймиз, — дедим-да, ўз ўрнимга қайтдим.
Ўша куни Сардорнинг елкалари тикланди. У нотиқлик сўзларни чиройли териш эмас, матн руҳига кириб, ўзлигини унутиш эканини англади. Устознинг энг таъсирли маърузаси минбардан айтилган гап эмас, талаба билан бир партага ўтириб, унга тенгдошдек қўл узатган лаҳзасидир.
Тадбир сони эмас, тафаккур даражаси
Ҳақиқий таянч зиёлини унвон ёки диплом эмас, амалий қиёфаси танитади. Сўзи билан иши уйғун, касбида пухта ва изланишдан тўхтамайди, Ватан тақдирини ўз дарди деб билади, муаммони санаш билан чекланмай ечим таклиф этади, билимини бошқаларга ўтказа олади ва воқеликни содда, тушунарли тилда очиб беради.
Бугунги маърифий стратегия уч асосий таянчга суянади. Ёдлайдиган эмас, фикрлайдиган ва савол берадиган авлодни тарбиялаш. Миллий ўзликни асраган ҳолда дунёга очиқ бўлиш. Илмни ҳаётга боғлаш — чунки билим амалиётда синалгандагина чинакам қадр топади.
Бу уч таянчнинг амалда ишлаши учун эса яна бир ташкилий шарт зарур. Ҳар бир зиёли ўзи энг кўп фойда келтира оладиган жойда фаолият юритиши керак. Шундагина натижа ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, ёшларнинг фикрлаш ва ижод даражаси билан ўлчанади.
Янги Ўзбекистон руҳи ва Учинчи Ренессанс ғояси қоғозларда ёки минбарларда эмас, чекка овулда устоз кутаётган боланинг кўзларида, чақалоқ бешиги ёнига қўйилган илк китобда ва иккиланиб турган талабанинг тикланган елкаларида жонланади.
Бир кўча ҳам бир кунда ёришмайди. Худди Беҳбудий, Фитрат ва Авлонийлар баланд шиор билан эмас, шахсий намунаси билан йўл очгани каби, бугун ҳам зиёли аввало ўзи илм, меҳнат ва виждон билан уйғоқ юрса, унинг ортидан минглаб чироқлар ўз-ўзидан ёна бошлайди.
Раҳимбой Жуманиёзов,
педагогика фанлари доктори,
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси.
ЎЗА