Ўзбекистон венчур инвестициялар ўсиши бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади
Халқаро Dealroom.co платформаси томонидан эълон қилинган Q2/H1 2026 Venture Capital Report натижаларига кўра, Ўзбекистон венчур инвестициялар ҳажмининг йиллик ўсиш суръати бўйича дунёда 1-ўринни эгаллади.
Ўзбекистонда венчур инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 539,7 фоизга ошган. Ушбу натижа билан мамлакатимиз Кения, Австрия, Хитой ва АҚШ каби давлатларни ортда қолдириб, глобал рейтингда етакчиликни қўлга киритди.
Мазкур натижа Ўзбекистонда инновацион экотизимни ривожлантириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда технологик тадбиркорлик учун яратилаётган қулай муҳитнинг амалий самарасини яққол намоён этади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда инновациялар ва технологик тадбиркорлик бўйича етакчига айланиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Dealroom.co — стартаплар, венчур инвестициялар ва технологик экотизимлар бўйича дунёнинг етакчи аналитик платформаларидан бири бўлиб, унинг маълумотларидан инвесторлар, ҳукуматлар ва халқаро молиявий институтлар кенг фойдаланади.
Н.Раҳмонова, ЎзА