Иқтисодий судлар тадбиркорлик субъектлари фойдасига 6,8 триллион сўм ундирган
Иқтисодий судларнинг асосий вазифаси – иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини одил судлов йўли билан ҳимоя қилишдан иборат.
Ушбу вазифалар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва “Судлар тўғрисида”ги қонун билан белгиланган.
Қонунчиликка кўра, иқтисодий судлар ўз фаолиятида корхоналар, муассасалар, ташкилот (юридик шахс)лар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини тиклайди.
Иқтисодий муносабатларда қонун устуворлигини таъминлайди ва соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашади. Тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларда қонунга ҳамда суд ҳокимиятига нисбатан ҳурмат руҳини қарор топтиради.
Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг айтишича, жорий йил 9 ойида иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда 312 минг 322 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Энг кўп ишлар Тошкент шаҳар, Андижон, Қашқадарё, Тошкент ва Бухоро вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб чиқилган.
Инвестициявий низоларга оид 46 та иш кўрилиб, 14 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 52 минг 136 та иқтисодий иш кўриб чиқилиб, улар фойдасига 6,8 триллион сўм миқдорида маблағ ундирилган.
Иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, маҳсулот етказиб бериш, кредит ва коммунал хизмат кўрсатиш шартномалари ҳамда тўловга қобилиятсизликка оид низолар ташкил этган.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 2 минг 591 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.
Апелляция тартибида 4 минг 734 та иқтисодий иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 697 та қарор бекор қилиниб, 341 та суд қарори ўзгартирилган.
Кассация тартибида 2 минг 896 та иқтисодий иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 620 та қарор бекор қилиниб, 301 та суд қарори ўзгартирилган.
Тафтиш тартибида 2 минг 515 та иқтисодий иш кўриб чиқилган. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 350 та қарор бекор қилиниб, 81 та суд қарори ўзгартирилган.
Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 593 та иш кўриб чиқилган. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 264 та қарор бекор қилиниб, 28 та суд қарори ўзгартирилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА