Фуқаро фойдасига 148 миллион сўм маблағ ундирилди
Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Н.С. 2022 йил 22 май куни “M. C. Z” МЧЖ билан янги қурилаётган хонадонни сотиб олиш бўйича шартнома тузган эди.
Шартномага асосан фуқаро 148 миллион сўм миқдоридаги маблағни тўлиқ тўлаган. Бироқ орадан йиллар ўтса-да, қурилиш ишлари якунланмаган ва уй-жой ўз эгасига топширилмаган.
Шундан сўнг фуқаронинг аризасига биноан 2026 йил 12 августда шартнома бекор қилинган, аммо қурилиш ташкилоти тўланган пулни қайтариб бермаган.
Ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадида фуқаро Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Жамият мутахассислари ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқиб, истеъмолчи манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судига даъво аризаси киритди.
Бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида жамият вакилининг саъй-ҳаракатлари ва келтирилган қонуний асослар ўз натижасини берди. Суд жамиятнинг даъво талабини тўлиқ қаноатлантирди.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар “M. C. Z.” МЧЖдан фуқаро Н.С. фойдасига 148 миллион сўм ундириладиган бўлди. Шунингдек, жавобгар зиммасига 5 миллион 920 минг сўм давлат божи ва суд харажатларини тўлаш мажбурияти ҳам юклатилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири