Ўзбекистон ва Туркия компаниялари қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини муҳокама қилди
Тошкентда Ўзбекистон – Туркия Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражали кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Туркия делегацияси 200 та компания вакиллари ва юқори бўғин менежерларини қамраб олди. Улар орасида “OYAK”, “Anadolu Group”, “Chalık Holding”, “Aksa Energy”, “Cengiz Enerji”, “Tekfen Holding”, “Trendyol”, “Vestel”, “Otokar”, “Ro‘nesans Holding”, “Ziraat Bank” ва “Abdi Ibrahim” каби йирик компаниялар вакиллари бор.
Форумда савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Энергетика, транспорт, тоғ-кон саноати, геология, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик имкониятига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, рақамли иқтисодиёт, электрон тижорат, молиявий технология ва замонавий ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Тадбир доирасида тоғ-кон ва қайта ишлаш саноати, фармацевтика, қурилиш, рақамли иқтисодиёт ҳамда молиявий технологиялар йўналишларида қўшма ташаббусларни назарда тутувчи 10 та икки томонлама ҳужжат алмашилди.
Форумнинг давомида B2B ва G2B форматларида учрашувлар ташкил этилди. Тадбиркорлар ва давлат идоралари вакиллари инвестиция лойиҳалари, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологик шериклик ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
[gallery-32606]
Дилшод ҲАКИМОВ,
Дамин РИЗАЕВ (сурат),
ЎзА