Ўзбекистон ва Таиланд пенсия жамғармалари ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Бугунги кунда жамғариб бориладиган пенсия тизимини самарали бошқариш, унинг барқарорлигини таъминлаш ва соҳада малакали кадрлар салоҳиятини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу борада илғор хорижий тажрибани ўрганиш, уни миллий тизимга татбиқ этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим ўрин тутади.
Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилиши доирасида Пенсия жамғармаси делегациясининг Таиланд Давлат пенсия жамғармаси (GPF) вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Н.Шодихўжаев, Таиланд Давлат пенсия жамғармаси (GPF) бошқарувчисининг стратегия масалалари бўйича ўринбосари Ман Жуттижудата ҳамда инвестициялар бўйича ўринбосари Пречада Пансинг иштирок этди.
Ўзаро мулоқот давомида икки давлат пенсия тизимининг ҳозирги ҳолати, жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш ва бошқариш, пенсия активларини инвестиция қилиш, рискларни бошқариш каби йўналишлар муҳокама қилинди.
Якунда томонлар мазкур йўналишларда ўзаро тажриба алмашинувини давом эттириш ва жамғариб бориладиган пенсия тизимини бошқаришда кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА