Ўзбекистон ва Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиради
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдурраҳмон Ал-Жалажил бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашувда соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган қатор устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, тиббиётни рақамли технологиялар асосида такомиллаштириш, инновацион ечимларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмларидан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар асосида юксалтириш, шифокорлар ва мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш ҳамда илғор тажрибалар алмашинувини фаоллаштириш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
Томонлар инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш орқали қўшма ташаббусларни амалга ошириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда икки мамлакатнинг тегишли муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, музокаралар якунида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда келишилган йўналишлардаги ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА