Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида туризм соҳасида стратегик ҳамкорлик кенгайтирилади
Осиё тараққиёт банкининг 59-йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ACWA компанияси асосчиси ва директорлар кенгаши раиси ҳамда Саудиянинг Vision Invest компанияси раиси Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги Саудия Арабистони делегацияси билан учрашди.
Музокаралар давомида замонавий туристик кластерларни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, энергетика ечимларини интеграция қилиш, транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, замонавий шаҳарсозлик ёндашувларини қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида қўшма ишчи гуруҳ тузиш, амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда устувор инвестиция лойиҳаларини белгилаш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Жаноб Абунайян ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қизиқиш билдирди ва ўзбек делегациясини 2026 йил октябрь ойида Ар-Риёд шаҳрида ўтказиладиган Инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юқори даражадаги хавфсизлик ҳамда мамлакатнинг очиқлиги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратаётгани алоҳида таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА