Индонезиялик зиёратчилар Бухорода
Бухоро азалдан илм-маърифат, тасаввуф ва муқаддас қадамжолар маскани сифатида жаҳон аҳлини ўзига мафтун этиб келган. Айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш, зиёрат туризми имкониятларини кенгайтириш ва тарихий-маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Индонезиядан Бухорога 1008 нафар сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос давридаги 663 нафар сайёҳга нисбатан қарийб 1,5 баробарга ошгани билан аҳамиятлидир. Мазкур рақамлар Бухоронинг нафақат Марказий Осиё, балки бутун ислом оламидаги нуфузи тобора юксалиб бораётганини кўрсатади.

Хусусан, жорий йилнинг 2 май куни Индонезиядан 230 нафардан ортиқ сайёҳлар Бухоро вилояти туризм соҳаси масъуллари томонидан самимий кутиб олинди. Зиёратчилар дастлаб Хўжагон тасаввуфий тариқатининг муршиди, кейинчалик Нақшбандия тариқати ва таълимотининг ҳақиқий асосчиси сифатида танилган, “Етти Пир”ларнинг биринчи намояндаси — улуғ мутафаккир ва инсонпарвар сўфий Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилди.

Ушбу қадамжо нафақат диний-маърифий аҳамияти, балки юксак маънавий муҳити билан ҳам зиёратчилар қалбида чуқур таассурот қолдирди. Сайёҳлар муқаддас масканларда дуо қилиб, Бухоронинг бой тарихи ва тасаввуфий мероси ҳақида кенг маълумотларга эга бўлди.
Шундан сўнг меҳмонлар Бухородаги қатор зиёратгоҳ ва тарихий обидалар бўйлаб саёҳатни давом эттирди. Улар шаҳарнинг бетакрор меъморий ёдгорликлари, асрлар давомида сақланиб келаётган маданий мероси ҳамда меҳмондўст халқига алоҳида қизиқиш билдирди.

Индонезиялик сайёҳлар сонининг ортиши икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, Бухорода зиёрат туризмининг ривожланиши ҳудуд иқтисодиёти, хизмат кўрсатиш соҳаси ва миллий қадриятларнинг халқаро миқёсда тарғиб этилишига ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.