Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги «Ғишткўприк» божхона пости очилди
Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат чегарасида жойлашган «Ғишткўприк» ва «Жибек жоли» чегара божхона постларининг янги бино ва иншоотлари фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Қозоғистон Республикаси Молия вазири Мади Такиев, икки мамлакат божхона органлари раҳбарлари, Тошкент тумани ва Туркистон вилоятлари ҳокимлари ҳамда расмий делегациялар иштирок этди.
Маросимда қайд этилганидек, ушбу инфратузилма лойиҳаси икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, чегарадан ўтувчи фуқаролар ва транспорт воситалари учун қулайлик яратиш, божхона назоратини замонавий технологиялар асосида ташкил этишга қаратилган.

Ўзбек ва қозоқ халқи азалдан тарихи, маданияти, дини бир, қардош халқ сифатида ёнма-ён ривожланиб келмоқда. Қувончли ва ташвишли кунларда елкама-елка бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётган икки халқнинг дўстлиги ўзаро алоқаларда яққол намоён бўлмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатларининг стратегик шериклиги, дўстлик ва қардошлик алоқалари мунтазам кенгайиб, янги йўналишлар билан бойиб бормоқда.
Қарийб 35 йиллик тарихга эга «Ғишткўприк» божхона пости давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан реконструкция қилиниши натижасида янги қиёфа касб этди. Пост ҳудуди 6 гектардан 9 гектарга кенгайтирилиб, фуқаролар ҳаракати учун йўлаклар 8 тага, енгил автомобиллар учун назорат йўлаклари 18 тага етказилди. Транспорт воситалари учун тўхташ жойлари эса 200 тани ташкил этди.

Янги мажмуада замонавий божхона назорати воситалари ҳам ўрнатилди. Жумладан, 3 та инспекцион кўрик мажмуаси, 10 та рентген аппарати, 2 та Body Scanner, 6 та радиацион портал монитори ва 188 та кузатув камераси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, назорат жараёнларини тезлаштириш мақсадида «Smart Customs Border» тизими жорий қилинди.
Амалга оширилган ишлар натижасида постнинг кунлик ўтказувчанлик имконияти фуқаролар бўйича 100 минг нафарга, енгил автомобиллар бўйича 3 мингтага, автобуслар бўйича эса 400 тага етказилди.
Тадбир давомида делегация аъзолари янги инфратузилма, йўловчилар учун яратилган шароитлар, паспорт назорати кабиналари, электрон дарвозалар ва замонавий техник воситалар имкониятлари билан танишди.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг дастлабки ўн ойида Қозоғистондан Ўзбекистонга 2,7 миллион нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ҳам изчил ўсиб, 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида 4,4 миллиард долларни ташкил этган.
«Ғишткўприк» чегара пости мамлакатимизнинг ташқи дунёга очилувчи муҳим дарвозаларидан бири ҳисобланади. Унинг янги қиёфа касб этиб, имкониятлари кенгайтирилиши чегарадаги ҳаракатни тезлаштириш, туристик оқимни самарали қабул қилиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай логистика шароитларини яратиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида маданий концерт дастури намойиш этилди.
Муҳтарама Комилова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА