Тошкентда Тарас Шевченко часидаги ўзгаришлар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди
Шаҳар муҳити — бу инсонларнинг кундалик ҳаёти ўтадиган, янги одатлар шаклланадиган, учрашувлар ва ҳордиқ чиқариш масканлари пайдо бўладиган ҳудуддир. Шу боис шаҳар қиёфасига киритиладиган ҳар қандай ўзгариш нафақат меъморий ғояларга, балки аҳоли билан мулоқотга асосланиши лозим.
Пойтахтимизда Тарас Шевченко кўчасининг Туркистон кўчасидан Нукус кўчасигача бўлган қисмини ўзгартириш лойиҳаси юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди. Ушбу ҳудудни аҳоли ва сайёҳларни жалб этадиган гастрономик йўналишдаги замонавий дам олиш масканига айлантириш таклиф қилинмоқда.
Тақдим этилган концепцияга кўра, лойиҳа 6 500 квадрат метр майдонни эгаллайди. Бу ерда кенг кўламли ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, кўкаламзор майдонларни кенгайтириш, дам олиш зоналарини барпо этиш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш режалаштирилган. Асосий эътибор ушбу ҳудудни пиёдалар учун қулай ва хавфсиз маконга айлантиришга қаратилган.
Тадбиркорлар томонидан илгари сурилган ташаббус давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳа муҳокамасида собиқ «Тошкент герби» ёдгорлиги ўрнида баландлиги 65 метр бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ўрнатиш таклифи ҳам билдирилди.
Асосий эътибор фақат меъморий ечимлар ёки кўкаламзорлаштиришга эмас, балки шаҳар қиёфасини ўзгартирадиган қарорларни қабул қилиш тартибига қаратилмоқда.
Тарас Шевченко кўчасининг янги қиёфасини рўёбга чиқариш лойиҳаси ана шундай ёндашувни намойиш этмоқда. Пойтахтда аҳоли манфаатларига дахлдор ташаббусларни амалга оширишдан аввал жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш тамойили шаклланмоқда. Бу фуқароларга режалар билан илк босқичданоқ танишиш, ўз фикр ва таклифларини билдириш имконини беради.
Жамоатчилик эшитувларининг ўзи аҳоли билан тўлиқ ва самарали мулоқотни кафолатламайди. Ҳақиқий ошкоралик фуқаролар фикри чуқур ўрганилиб, лойиҳада акс эттирилганда намоён бўлади. Сабаби қайси ҳудудга пиёдалар йўлаги кераклиги, қаерни кўкаламзорлаштириш зарурлиги ва мавжуд инфратузилманинг қулайлиги айнан ҳудуд аҳолисига яхшироқ аёндир.
Фуқаролар манфаатлари ва шаҳар муҳитига таъсир кўрсатадиган ташаббуслар бўйича жамоатчилик эшитувлари Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов назорати остида ўтказилмоқда. Тарас Шевченко кўчасининг келажаги эса шаҳарнинг аҳолиси билан яқин мулоқот асосида ривожланишга тайёрлигини намоён этади.
Пойтахт қиёфаси тобора ўзгармоқда, янги жамоат масканлари пайдо бўлиб, инфратузилмани ривожлантириш масалалари бўйича ёндашувлар янгиланмоқда. Мазкур ўзгаришларнинг бош мезони янги объектлар сонида эмас, балки аҳоли турмуш даражасининг қай даражада қулайлашаётганида намоён бўлади
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА