COP31: Ўзбекистоннинг тоғ-кон соҳасидаги салоҳияти намойиш этилмоқда
Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик мувозанатни сақлаш ва саноат тармоқларини иқлим ўзгаришига мослаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Айниқса, тоғ-кон саноатида экологик барқарорликни таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий, ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда критик минераллар салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Глобал иқлим ўзгариши шароитида ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва инвестицияларни жалб қилиш соҳанинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятлар яратмоқда. Бу борада Туркиянинг Анталия шаҳрида 9-20 ноябрь кунлари ташкил этилган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) халқаро саммити муҳим мулоқот ва ҳамкорлик майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги масъули Аббос Анваров ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Бугунги кунда иқлим ўзгариши, экологик муаммолар ва табиий бойликларга бўлган талабнинг ортиб бориши тоғ-кон саноати олдига янги вазифаларни қўймоқда. Айниқса, саноатни барқарор ривожлантириш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, ишлаб чиқаришда электр энергияси ва сувдан тежамкор фойдаланиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, мис, литий, вольфрам, молибден каби муҳим минераллар бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ва муқобил энергия манбаларини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга. Чунки қуёш ва шамол электр станциялари, электрда ҳаракатланувчи транспорт воситалари, энергияни сақлаш қурилмалари ҳамда замонавий техника ишлаб чиқаришда ушбу минераллар зарур ҳисобланади. Шу боис уларни қазиб олиш ва қайта ишлаш билан бир қаторда, табиатни муҳофаза қилиш талабларига қатъий риоя этиш ҳам муҳимдир.
Ўзбекистон ҳам муҳим минерал бойликлар соҳасида катта имкониятларга эга. Мамлакатимизда ушбу йўналишни ривожлантириш, мавжуд ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бунда “Навоий КМК”, “Олмалиқ КМК” ва “ЎзТМК” каби йирик корхоналарнинг ўрни алоҳида.
COP31 халқаро тадбирида иштирок этишимизнинг асосий мақсадларидан бири ҳам мамлакатимизнинг тоғ-кон саноатидаги салоҳиятини халқаро ҳамжамиятга кенг намойиш этиш, табиатни муҳофаза қилиш йўналишида эришилган натижалар билан таништириш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан иборат. Анжуманда вазирлик ва тармоқ корхоналари вакиллари ўз маҳсулотлари, табиатни муҳофаза қилиш борасидаги ишлари ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш режалари билан иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, халқаро молия ташкилотлари ва ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Хусусан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларининг табиатга таъсирини камайтиришга қаратилган 20 га яқин лойиҳа таклифлари тайёрланди. Ҳозирда уларни амалга ошириш учун халқаро молия ташкилотлари ва ҳомий ташкилотларнинг беғараз маблағларини жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Анжуман доирасида Ўзбекистон миллий павильонида вазирлигимиз ташаббуси билан “Иқлим ўзгаришига чидамли келажак учун барқарор кончилик ва муҳим минераллар” мавзусида халқаро тадбир ташкил этилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унда Ўзбекистоннинг муҳим минераллар соҳасидаги имкониятлари, тоғ-кон саноатини табиатга зарар етказмаган ҳолда ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши курашда ушбу минералларнинг ўрни ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбирда “ЎзТМК” АЖ, Осиё тараққиёт банки ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти вакиллари иштирок этиб, соҳадаги долзарб масалалар, мавжуд имкониятлар ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари бўйича ўз фикрларини билдирди. Бундай мулоқотлар орқали халқаро тажрибани ўрганиш, хорижий сармояларни жалб этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар пайдо бўлади.
Анжуман доирасида эришилган яна бир муҳим келишувни алоҳида таъкидлашни истардим. “ЎзТМК” АЖ ва “Навоий КМК” АЖ Буюк Британиянинг “Valor Carbon” компанияси билан углерод чиқиндиларини камайтиришга қаратилган ҳамкорлик келишувларини имзолади. Ушбу ҳужжатлар орқали углерод кредитлари бозоридаги имкониятларни биргаликда ўрганиш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва бу борада ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.
Таъкидлаш керакки, COP31 доирасидаги бундай учрашув ва келишувлар мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш билан бирга, соҳада табиатни муҳофаза қилиш, янги сармояларни жалб этиш ва замонавий ишлаб чиқариш усулларини жорий этишга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, иқтисодий самарадорлик билан бир қаторда, табиат олдидаги масъулиятни ҳам таъминлаш устувор вазифамиз.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.