Ўзбекистон ва Малайзия: илмий-маърифий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Малайзия Миллий университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Маросимда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Малайзия Миллий университети ректори, профессор Дато Суфиан Жусоҳ, университет ҳузуридаги “Institut Islam Hadhari” директори профессор Фариза Мд Шам, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов ҳамда икки мамлакатнинг илмий-академик доиралари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни очиб берган Ф.Абдухолиқов сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабат барча соҳада изчил ривожланаётганини таъкидлаб, ўтган ой Малайзия қироличаси Рожа Зарит Софиянинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожида муҳим воқеа бўлганини алоҳида қайд этди.
Йиғинда сўз олган Малайзия Миллий университети ректори профессор Дато Суфиан Жусоҳ икки ўлка олимлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш ва академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шунингдек, ”Institut Islam Hadhari“ директори профессор Фариза Мд Шам ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори К.Шермуҳамедов ҳам замонавий илм-фан ва ислом маърифати уйғунлиги, умумий илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда халқаро тадқиқот платформаларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр билдирдилар.
Томонлар имзоланган меморандум Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши, икки мамлакат олим ва тадқиқотчилари учун янги имконият яратишига ишонч билдирдилар.
Дилшод Ҳакимов,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА