Ўзбекистон ва Корея тоғ-кон саноатидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистоннинг мазкур йўналишдаги устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада Корея Республикаси билан йўлга қўйилган шериклик муносабатлари соҳани янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Ана шу мақсадлар доирасида Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён ҳамда “KEXIM” банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Канг Сангжин билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда илғор тажриба ва технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, учрашувда яқин истиқболда режалаштирилган қўшма тадбирларга тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш ва истиқболли ташаббусларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА