Ўзбекистон ва Корея: таълим ва инсон капиталини ривожлантиришга оид янги ташаббуслар тараққиётга хизмат қилади
Давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига давлат ташрифи Ўзбекистон - Корея муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Ташрифнинг мазмун-моҳияти Янги Ўзбекистоннинг технологик ва инновацион тараққиёт стратегияси билан бевосита уйғун эканини кўрсатмоқда.
Корея Республикаси ўтган давр мобайнида Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бирига айланди. Бугун мамлакатимизда Корея сармояси иштирокида 700 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда. KOICA, Корея Эксимбанки ва EDCF жамғармаси билан ҳамкорликда тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, саноат, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, инфратузилма ҳамда таълим соҳаларида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Сеулда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Ли Чжэ Мён ўртасидаги музокараларда ана шу ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, Кореянинг илғор технологиялари билан Янги Ўзбекистоннинг ресурс ва саноат салоҳиятини бирлаштириш асосида мустаҳкам инновацион ва технологик альянсни шакллантириш масаласи илгари сурилди.
Менимча, ташрифнинг энг муҳим стратегик жиҳатларидан бири ҳам айнан шунда. Гап энди фақат инвестиция жалб қилиш ёки товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш ҳақида эмас. Асосий мақсад – илғор технологияларни ўзлаштириш, уларни мамлакатимиз иқтисодиётига кенг жорий қилиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва замонавий билимларга эга миллий кадрлар салоҳиятини юксалтиришдан иборат.
Жорий ташриф доирасида умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар тайёрлангани бу ҳамкорликнинг амалий кўламини кўрсатади. Савдо, инвестициялар, муҳим минераллар, транспорт ва инфратузилма иқтисодий шерикликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланмоқда. Корея Эксимбанки билан Стратегик ҳамкорлик дастурининг қабул қилингани ҳам узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим молиявий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Айниқса, ахборот технологиялари, киберхавфсизлик, сунъий интеллект, тиббиёт, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика саноатида юқори технологик ҳамда рақамли ечимларни жорий этишга қаратилаётган эътибор истиқболлидир. Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликка оид алоҳида ҳужжат қабул қилингани ҳам технологик шерикликнинг амалий мазмун касб этаётганидан далолат беради.
Бунда яна бир муҳим масала – инсон капитали. Ҳар қандай илғор технология уни ўзлаштирадиган ва янада такомиллаштирадиган билимли мутахассис мавжуд бўлгандагина тараққиёт омилига айланади. Шу сабабли Президентлар музокараларда таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида урғу бергани бежиз эмас.
Бугун Ўзбекистонда Жанубий Корея университетларининг тўртта филиали педагогика, ахборот технологиялари, муҳандислик, рақамли технологиялар ва иқтисодиётнинг бошқа устувор йўналишларида кадрлар тайёрламоқда. KOICA кўмагида ташкил этилган бешта касб-ҳунарга ўқитиш маркази эса ёшларни замонавий касб ва кўникмаларга ўргатишга хизмат қилмоқда. Икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари форумининг амалий тажриба алмашишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам илмий-таълим ҳамкорлигининг истиқболлари кенг эканини кўрсатади.
Ўзбекистон ва Кореяни иқтисодий манфаатлар билан бир қаторда халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ришталари ҳам боғлаб туради. Ўзбекистонда яшаётган кўп сонли корейс диаспорасининг икки халқ ўртасидаги “маънавий кўприк” сифатида эътироф этилиши ҳам бежиз эмас. 2027 йилни “Маданият ва ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш бўйича эришилган келишув эса ушбу муносабатларнинг инсонлар ва халқлар даражасидаги пойдеворини янада мустаҳкамлайди.
Айни пайтда, давлат ташрифининг аҳамияти икки томонлама муносабатлар доираси билангина чекланиб қолмайди. 16 сентябрь куни ўтказиладиган биринчи “Марказий Осиё - Корея Республикаси” саммити ҳамкорликни минтақавий миқёсда янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Ушбу тарихий мулоқот майдони савдо ва инвестициялар, транспорт ва логистика, юқори технологиялар ва рақамлаштириш, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш каби устувор соҳаларда янги ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш учун муҳим имконият яратади. Шу маънода, Сеулда эришилган икки томонлама келишувлар бўлажак саммит натижалари билан янада бойиб, Ўзбекистон - Корея алоҳида стратегик шериклигининг минтақавий аҳамиятини янада ошириши кутилмоқда.
Умуман олганда, Давлатимиз раҳбарининг Корея Республикасига давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларида инвестициядан – технологик кооперацияга, тайёр технологияларни жалб қилишдан – инновацион ҳамкорликка, кадрлар тайёрлашдан – замонавий инсон капиталини биргаликда шакллантиришга ўтиш учун янги имкониятлар очмоқда.
Энг муҳими, бундай шерикликнинг марказида инсон, унинг билими, саломатлиги, касбий маҳорати ва фаровонлиги турибди. Айнан шу жиҳат Ўзбекистон - Корея алоқаларининг янги босқичини нафақат иқтисодий манфаатли, балки узоқ муддатли тараққиёт нуқтаи назаридан ҳам стратегик аҳамиятга эга қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА