Ўзбекистон ва Корея Республикаси: рақамли иқтисодиёт ва илғор технологиялар бўйича ҳамкорлик кенгайишида парламентлар ҳисса қўшади
Ўзбекистон парламент делегациясининг Сеулга ташрифи доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чо Чон Шик билан учрашди.
Ўзаро мулоқотда парламентлараро алоқаларнинг сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилгани, парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари мунтазам тус олаётгани юқори баҳоланди. 2025 йил декабрь ойида Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши минтақавий мулоқотни ривожлантиришда муҳим платформа сифатида эътироф этилди.
Парламент раҳбарларининг келгуси учрашувлари кун тартибига давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни амалга ошириш механизмларини муҳокама қилиш масаласини киритиш таклиф этилди. Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Хусусан, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятига маҳаллий кенгашлар депутатларини жалб этиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва гуманитар соҳалар билан бир қаторда сунъий интеллект, муҳим минераллар, рақамли иқтисодиёт ва илғор технологиялар йўналишларида ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Якунда Ўзбекистон ва Корея Республикаси парламентлари ҳамкорлигини шу йўналишларда янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА