Ўзбекистон делегацияси Афғонистонда
Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқалар янада кенгаяди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация қўшни мамлакатда Ўзбекистон-Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириб, транспорт-логистика ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама этди.
Бир дарёнинг икки қирғоғида яшайдиган, тарихи муштарак, маданияти, қадриятлари ўхшаш ўзбек ва афғон халқларини асрлар синовидан ўтган яқин қўшничилик ва дўстлик алоқалари боғлаб келган. Сўнгги йилларда ана шу қадимий дўстлик ва биродарлик, яқин қўшничилик янада мустаҳкамланиб, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда бойиб бормоқда.
Сурхондарё вилоятидаги Термиз дарё порти, “Термиз Карго Центр” ва “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси, Хайратон кўприги мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. “Транс-Афғон темир йўли” лойиҳаси келажакда минтақамизнинг транспорт ва савдо имкониятларини янада кенгайтиради.
Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида дўстлик алоқаларининг ривожланаётгани савдо-сотиқ ва бошқа соҳаларда ўз самараларини бераётир. Хусусан, 2024 йил Сурхондарё ва Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси 48 миллион долларни ташкил этган бўлса, ўтган йил якуни билан бу кўрсаткич қарийб беш баробар ўсиб, 239 миллион долларга етди.
Жорий йил сентябрь ойида Термизда ўтказилган қўшма кўргазмада 90 дан ортиқ Ўзбекистон, 60 дан зиёд Афғонистон компанияси қатнашиб, ўз маҳсулотларини намойиш этди. Ўзаро ҳамкорлик шартномаларини тузди. Шу йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоятида икки мамлакат вакиллари иштирокида қирққа яқин бизнес-форум, кўргазма ва учрашувлар ташкил этилди. “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида жорий йил декабрь ойида яна бир йирик тадбир Ўзбекистон – Афғонистон ишлаб чиқарувчи корхоналарининг бизнес-форумини ўтказиш мўлжалланмоқда.
[gallery-32450]
Бу гал қўшни Афғон диёрида бўлган мамлакатимиз делегацияси сафарини Мозори-Шариф шаҳрида қад ростлаётган Ўзбекистон муҳандислари лойиҳалаштирган Мир Алишер Навоий ёдгорлигида қурилиш ишларининг бориши билан танишишдан бошлади.
Шу куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари Балх вилояти ҳокимлигида Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири Атаулло Умарий, Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Юсуф Вафо билан учрашди. Унда икки мамлакатнинг тегишли идоралари мутасаддилари ва тадбиркорлари ҳам иштирок этди.
Самимий мулоқот чоғида Афғонистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига етказиб бериш ва мамлакатимиз ҳудуди орқали учинчи давлатларга экспорт қилиш имкониятлари атрофлича муҳокама этилди. Хусусан, афғон миришкорлари етиштираётган ҳўл ва қуруқ меваларни харид қилиш, сақлаш, ташиш ва экспорт ҳажмини ошириш таклифлари кўриб чиқилди. Бу жараёнда темир йўл ва автомобиль транспорти имкониятларидан самарали фойдаланиш, чегарадаги ўтказиш пунктлари ва божхона хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, юкларни расмийлаштиришни тезлаштириш ва чегара пунктларида 24 соатлик иш режимини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш, дарё ўзанининг ўзгариши билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш ва қирғоқбўйи ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама этилди. Мамлакатимиз қурувчилари бунёд этаётган Имом Бухорий мадрасасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилди.
Икки мамлакат ўртасида яқин қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган амалий ҳамкорликни кенгайтириб, тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратишга, икки томон учун ҳам манфаатли савдо алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбир доирасида ўзбекистонлик тадбиркорларнинг афғон ҳамкорлари билан учрашув ва музокаралари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири