Ўзбекистон ва Жазоир: кўп қиррали муносабатлар янги босқичга чиқади
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Жазоир Халқ демократик Республикасининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Жамила Ашур билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, икки мамлакатни тарихий ришталар, муштарак қадриятлар, яқин маданият ва урф-одатлар боғлаб туради. Ўзбекистон Жазоир билан кўп қиррали муносабатларни янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдор.
Суҳбат чоғида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, шунингдек, икки мамлакат парламентлари ўртасида амалий мулоқотни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашувда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва саноат кооперацияси соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар соҳада Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, илмий ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, Тошкент ва Ал-Жазоир шаҳарларида маданият кунлари ва санъат кўргазмалари ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини янада ошириш, гендер тенгликни таъминлаш, одам савдосига қарши курашиш, барқарор ривожланиш ва коррупцияга қарши курашиш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Жазоир парламенти вакиллари 2026 йил 4 - 6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқ ва Ўзбекистон парламенти ҳамкорлигида ўтказиладиган Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференциясида иштирок этишга таклиф қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА