Оилангизни олиб, агротуризм мўъжизаларини ўз кўзингиз билан кўриш учун йўлга чиқинг!
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Илгари туризм деганда кўз олдимизга беихтиёр Самарқанднинг нақшинкор гумбазлари, Бухоронинг салобатли миноралари ёки Хиванинг кўҳна деворлари келарди. Тўғри, бу тарихий обидалар миллий ғуруримиз, аждодларимизнинг бизга қолдирган бебаҳо мероси саналади.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида соҳа асосан ана шу маданий марказлар атрофида ривожланди. Афсуски, шундоққина ёнгинамиздаги табиати гўзал ва мусаффо қишлоқларимиз ўнлаб йиллар давомида фақат ҳосил йиғиб олинадиган, чорва боқиладиган манзил сифатида кўриб келинди. Сайёҳларни қишлоқда кутиб олиш эса норасмий, ҳаваскорона бир ҳолат эди. Оқибатда тупроғидан зар унган, минг бир хушбўй мева-чева етиштирадиган далаларимиз ўз салоҳиятига яраша сердаромад соҳага айлана олмади.
Биз яқин-яқингача чет элда ана шундай яшил боғлар, тоғ бағридаги шинам кошоналар бор экан, деб ҳавас билан гапирардик. Бироқ охирги тўққиз-ўн йилда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, энг аввало, одамларнинг қарашларини ва ҳаётга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди.

Бугун қишлоқ хўжалиги ва туризмнинг уйғунлашуви агротуризм ривожига асос бўлди. Бу юртимиз иқтисодиётининг энг жозибадор ва шиддат билан ривожланаётган тармоқларидан бирига айланди, одамларимизнинг турмуш тарзида, хонадонларида юз бераётган реал ўзгаришларда кўрина бошлади.
Бундан саккиз йил олдин оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш тартиби соддалаштирилгани, қишлоқ аҳолисига имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилгани маҳаллий тадбиркорликка улкан туртки берди. Кечагина фақат далада кетмон чопган деҳқон бугун ўз хонадонида хорижлик сайёҳни кутиб олиб, миллий таомларимизни узатадиган, деҳқончилик сирларини ўргатадиган тадбиркорга айланди. Паркент, Олтиариқ, Зомин, Бахмал, Бойсун каби ҳудудларда нафақат якка тартибдаги меҳмон уйлари, балки замонавий инфратузилмага эга яхлит “туризм қишлоқлари” шаклланди.
Бугун агротуризм шунчаки қишлоқда тунаб қолиш дегани эмас. Бу ота-боболардан қолган деҳқончилик маданияти, замин ва табиат билан юзма-юз мулоқот жараёнига айланди.
Агар Андижоннинг Асака туманига йўлингиз тушса, яқингача гиёҳ унмаган қир-адирликлар ўрнида бугун яшнаб турган яшил боғларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Шу ерлик нуронийларнинг айтишича, бу адирларда илгари ҳеч қачон сув бўлмаган. Февраль ойида ҳам кўкка ташна ётган икки юз гектарга яқин майдонга сув тортилди.

– Бу ерга илм ва замонавий агротехнологияларга таянилиб узумнинг ҳосилдор навлари қадалди, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Андижон вилояти бўлими бош мутахассиси Абдумуталлиб Сулаймонов. – Кўчатлар бехато кўкарди. Токзор атрофидаги майдонларга эса шу йилнинг ўзидаёқ тарвуз, помидор ва бақлажон етиштирилди. Келаси йил худди шу пайтда Асакага келсангиз, шингил-шингил мевалар туккан токзорларни оралайсиз. Оилангиз билан ўз қўлингизда узум узасиз. Манзилда миллий ўтовлар, замонавий капсулалар, шинам ресторанлар ва уч юз гектарга яқинлашадиган катта кўнгилочар маскан сизнинг хизматингизда бўлади.
Шунга ўхшаш ташаббуслар бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзмоқда. Шаҳрисабздаги 520 гектарлик агротуризм мажмуаси илгари қуруқ қирлик бўлганига ишониш қийин. Томчилатиб суғориш тизими жорий этилиб, терраса усулида энг сара узум, гилос ва олма навлари экилди. Бу ерда француз мутахассиси кузатувида маҳаллий ёшлар замонавий деҳқончилик сирларини ўрганмоқда. Юзта доимий ва мингдан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган. Меҳмонхона, ресторан, агрологистика ва ўқув марказига эга бу маскан худди Европанинг машҳур ландшафтли боғларини ёдга солади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга ташрифлари давомида айнан халқнинг даромадини оширишга хизмат қиладиган мана шундай агротуризм лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ҳудудидаги 508 гектар майдонни эгаллаган туризм мажмуаси. Бу манзил ҳам Фарғона водийсининг ҳақиқий фахрига айланмоқда. Бу ерда 45 та шале, 57 та замонавий меҳмон уйи, гуллар боғи, лавандазор, экобозор ва ресторанлар ташкил этилиб, 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилмоқда. Келгусида бу ерда дор йўли, картинг ва мотокросс майдонлари ишга тушади. Шунингдек, Қоратеренг, Хонобод, Кўксарой, Арашан, Собирсой ва Каттақўрғон сув омборлари атрофида ҳам шундай улкан мажмуалар қурилиши режалаштирилган. Бўстонлиқнинг Чимён маҳалласида эса катта майдонда малина, қулупнай ва ўрмон ёнғоғи етиштириладиган, 12 мингдан ортиқ аҳолига даромад келтирадиган улкан агросаноат боғи қад ростламоқда.

Мамлакатимизда юқоридаги лойиҳаларга ўхшаш хайрли ташаббусларни яна кўплаб санаш мумкин. Бу юртимизда инсон қадри, унинг меҳнати ва турмуш фаровонлиги энг олдинги ўринга чиққанининг амалий исботидир.
Истиқлол бизга мана шундай натижаларни, ўз тақдиримиз ва еримизга эгалик қилиш имконини берди. Илгари қаровсиз ётган адирларимиз, сувсиз чўлларимиз бугун фаровонлигимизни таъминлайдиган, хорижликлар ҳавас билан келадиган жўшқин масканларга айланди.
Оилангизни, фарзандларингизни олиб, ана шундай сўлим агротуризм гўшаларига саёҳат қилинг. Мусаффо тоғ ҳавосидан симиргич, далада пишган ширин мевалардан татиб кўринг. Ўз меҳнати билан қишлоғини обод қилаётган деҳқонларимизнинг самимий гурунгига шерик бўлинг.
Бу гўзаллик, тўкинлик ва ўзгаришларнинг бари ўзимизники.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири